Кўп олимлар борки, идрокидан насибалари йўқдир. Улар илм ҳофизи бўлганлар. Лекин Аллоҳнинг ҳабиби–дўсти бўла олмаганлар.
Мавлоно Жалолиддин Румий
Пайғамбар (с.а.в) Аллоҳ таолодан уч хил илм ўрганган эдилар. Биринчиси – ўзлари билан Аллоҳ орасидаги илм бўлиб, бу уларнинг ўзаро сиридир. Бу илм башарий идрокдан устун бўлганлиги учун инсонларга ошкор этилмаган. Фақат Аллоҳ Расулига ошкор бўлгандир. Жаброил (а.с): “Ё Расулуллоҳ! Мен сизнинг ҳақиқатингизни идрок қила олганимда, ёнингизга кела олмаган бўлур эдим”, – деган эди.
Иккинчи илм – умумга оид. У инсонларнинг идроки билан ўзлаштирилиши мумкин бўлган илм. Бутун инсоният бу илмга имон ва амали билан мукаллафдир. Унинг бошқа бир номи шариатдир.
Учинчи илм – бир гуруҳ зотларга тегишли бўлиб, унинг номи тасаввуф. Яъни, бу илм қалбий ҳаётга оид. Инсон бу маънода қобилияти ва истеъдоди билан бирга, мажбурият соҳиби ҳамдир. Банда ўз хотиржамлиги учун бу илмга бўлган истеъдодини тараққий эттиришга мажбурдир. Бу эса нафс тарбияси ва руҳни қувватлантириш орқали бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда:
“Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган ва Парвардигорининг номини ёд этиб, намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгандир” (“Аъло” сураси, 14 оят).
“Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини–жонини имон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди”. (“Вашшамс” сураси, 9 оят)
“(Эй Муҳаммад), ҳою ҳавасларини ўзларига илоҳ қилиб олганларни кўрдингизми? Сиз бундай кимсалар учун вакил эмассиз?” – дейилади.
Табароний келтирган ҳадисда эса: “Ер юзидаги топиниладиган илоҳлардан Аллоҳнинг энг кўп нафратлангани ҳою ҳавасдир”, деб таъкидланади.
Ладуний илм эса тасаввуф ичида маънавий таълим йўли билан ўзлаштириладиган Жаноби Ҳақ ҳақидаги илмдир. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида бу илмдан баҳс этилади. Мусо (а.с) ҳақидаги оятлар бу баҳснинг бошланиш нуқтасидир.
Мусо (а.с) оиласи билан бирга Мадойиндан Миср томон йўл олади. Совуқ ва қоронғи йўл давомида фарзанди дунёга келади. Уларнинг олов ва ёруғликка эҳтиёжлари бор эди. Шу пайт узоқдан бир ўт шуъласи кўзга ташланади. Аслида, бу нур Мусони пайғамбарликка ҳозирлашнинг бир ишорати эди. Бу оловдан чўғ келтириш учун Мусо нур томонга йўналади. Унга яқинлашганида:
“Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач, “Эй Мусо!” деган нидо эшитилди.
(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингман. Энди ковушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан” (“Тоҳа” сураси, 1112 оятлар)
Муфассирлар “Ковушларингни ечгин” ифодасини турлича шарҳлаганлар. “Қушайрий”, “Латифот ул ишорат” ва “Руҳ ул баён”да бу жумла шундай шарҳланади: “Ковушларинг дейилганда охират ва дунё тушунилмоқдадир”. “Икки ковушингни еч” деганда қалбингни дунё ва охират савдоларидан бўшат, Ҳақ учун ҳар нарсадан воз кечиб, Аллоҳнинг маърифат ва мушоҳадасида йўқ бўлиб кетишни тушун”.
Бошқа шарҳларда эса: “Сен табиат ва нафсингдан воз кеч. Нафсингни ва унга оид нарсаларингни фикрингдан чиқариб ташла”. “Далилий тафаккурдан воз кеч. Чунки мушоҳада ва кўз билан кўргандан кейин бу ердаги нарсалардан сенга фойда йўқдир”, – дейилади. Шунинг учун ҳам Шайх Шиблий Аллоҳни қалб кўзи билан танигандан кейин бутун китобларини ёқиб юборган эди.
Мусо (а.с) Фиръавн ва унинг қавми Қизил денгизда Бани Исроил қавмининг кўз ўнгида сувга ғарқ бўлгандан кейин умматини тўплади. Уларга ҳаяжонли бир ваъз ўқиди. Уммати пайғамбарларининг илм ва донолигидан ҳайратга тушдилар. Улардан бири:
– Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида сендан ҳам илмлироқ киши борми?”, – деб сўради.
Мусо (а.с):
– Мендан илмлироқ киши борлигини билмайман”, – деб жавоб берди.
Шунда унга ваҳий юборилди:
– Икки денгиз бирлашган ерда бир бандам борки, унга ўзига хос (ладуний) илм берилгандир. Умматинг орасида обрўли бири билан унинг ёнига бор”.
Мусо (а.с) дўсти Юшаъ (а.с) билан бирга йўлга чиқди. У ўзига ваҳий орқали билдирилган одамни бир қоянинг устига ўтирган ҳолда кўрди ва унга:
– Мен Мусоман, – деб ўзини таништирди.
Ҳазрати Хизр:
– Демак Бани Исроилнинг пайғамбари Мусо сенмисан? – деди. Ўз навбатида Мусо (а.с):
– Аллоҳ айтган инсонлар ичида энг билимли киши сенмисан?”, деб сўради.
Ҳазрати Хизр:
– Эй Мусо, Аллоҳ менга бир илм ўргатган, у илм сенда йўқ. Аллоҳ сенга бир илм ўргатган, у илм эса менда йўқ, – деб жавоб берди.
Мусо зоҳиран ўрганиш мумкин бўлмаган, ўзига ғаройиб бўлиб туюлган илмни ҳазрати Хизрдан ўрганишни истади. Шу тариқа улар машҳур сафарга чиқдилар.
Ҳазрати Мавлоно бу ҳодисанинг аҳамиятли нуқталарини шундай ифодалайди:
“Эй соҳибкарам бўлган киши! Маънавий иштиёқни “Калимуллоҳ” бўлган Мусо (а.с)дан ўрган. Тингла, калом сифатли Мусо (а.с) нима дейди:
“Бунчалик мақом эгаси бўла туриб, ўзимда борлиқ ҳис қилмаяпман. Илмимни ошириш учун руҳимга нур сочадиган Хизрни изламоқдаман”.
Мусо (а.с) ҳазрати Хизрни излаб йўлга чиқар экан, қавми унга:
“Эй Мусо, қавмингни ташлаб, ўзингдан паст бир зотни излаб топиш учун кетмоқдасан”, – деди.
“Ҳолбуки сен “хавф” ва “хатардан” халос бўлган пай-ғамбарсан. Шундай экан, бу одамни қачон излаб топасан?”
“Сен излаган киши шахсингда мавжуддир... Буни ўзинг ҳам яхши биласан. Эй само каби улуғ сифатли пайғамбар! Заминда яна қанча вақт тентираб юрмоқчисан?”
“Мусо (а.с) қавмига қарата:
“Мени тинч қўйинг, қуёш билан ойнинг йўлига тўсиқ бўлманг! Мен пайғамбарлик ҳилоли бўлсам, ҳазрати Хизр авлиёлик қуёшидир. Яъни, мендан ҳам устун пайғамбарлар бор. Ҳазрати Хизр эса авлиёларнинг энг устунидир”, – деди.
“Мусо (а.с) сўзларида шундай давом этди:
“Мен замонамизнинг ақл султони бўлган бир авлиё билан кўришиш учун икки денгиз бирлашган ерга кетмоқдаман”.
“Ҳақиқат ва маърифатга етишиш учун ҳазрати Хизрдан ёрдам сўрайман. Шунинг учун ҳам унга етишгунга қадар узоқ вақт сафарда бўламан”.
“Ҳиммат ва шижоатни қанот айлаб, йиллар давомида учаман. Йиллар нима бўпти, минг йил бўлса ҳам, уни топгунча тинибтинчимайман. Бу сафар у нодир жавҳарни излаб топиш учун арзимайдими?”.
Мусо (а.с)нинг сифати Калимуллоҳ, яъни Аллоҳ билан сўзлашган маъносини билдиради. Аллоҳ таоло Мусо (а.с) билан ўзининг азалий сифати бўлган “калом” орқали сўзлашди. Аллоҳнинг сифатларидан ҳеч бири яратилганларнинг сифатларига ўхшамайди. Аллоҳ илм соҳибидир, лекин унинг илми бизнинг илмимиздан устун. У қудрат эгаси, унинг қудрати бизнинг қудратимиздан устундир. Аллоҳ таоло сўзлайди, лекин бизнинг тарзимизда эмас... Биз гапириш учун тил ва ҳарфларга муҳтожмиз. Аллоҳ таоло эса бундан муназзаҳ, яъни покдир. Биз биладиган ҳарфлар бир белгидир. Аллоҳнинг каломи эса белгисиз, ҳарфсиз ва воситасиз. Мусо (а.с) Аллоҳ таоло билан сўзлашаётганда ёнидаги 70 киши ва Жаброил (а.с) бу суҳбатни эшита олмадилар ва идрок қила олмадилар.
Ҳазрати Мавлоно ладуний илмнинг бир илоҳий насиба эканлигини, бу илм фақат қалбий истеъдоди лутф этилишини шундай ифодалайди:
“Яъқубнинг ўғли Юсуфнинг юзида кўрган фавқулодда гўзаллик унинг ўзига хос эди. Бу гўзалликни пайқаш Юсуфнинг акаукаларига насиб бўлмади. Биродарларининг кўнгил олами Юсуфнинг гўзаллигини кўриш ва пайқашдан узоқ эди”.
“Яъқубда Юсуфнинг бир жозибаси бор эди. Шунинг учун ҳам Юсуф кўйлагининг ҳидини узоқдан ҳис қила олди. Кўйлак қўлида бўлган биродари эса кўйлакнинг ҳидини ҳис қила олмади”.
“Чунки Юсуфнинг кўйлаги биродарининг қўлида бегона бир мато эди. Биродарининг вазифаси Юсуфнинг кўйлагини отасига олиб бориб беришдан иборат эди. Яъни, бу кўйлак хўжайиннинг қўлидаги жория, чўри каби эди. Хўжайиннинг нафси ундан бир нарса истамас эди. У хўжайиндан бошқа бир кишига оид эди”.
“Жуда кўп олимлар бор, ирфондан насиблари йўқдир. Улар илм ҳофизи бўлганлар, лекин Аллоҳнинг ҳабиби – дўсти бўла олмаганлар”.
Имом Ғаззолий ва Абдулқодир Ғийлоний каби зотлар аввал зоҳирий илмнинг чўққисига етдилар. Лекин илоҳий сир асрорларни ва Аллоҳга олиб борадиган ҳассос илмни кейинчалик ўзлаштирдилар. Шу тарзда Ҳаққа яқин бўлдилар. Аллоҳ таоло ўзининг сифат ва хусусиятларини уларга ва улар каби мустасно зотларга ошкор қилди. Бу муборак зотлар ҳам қалбларидан Аллоҳ билан машғул бўлишга монеълик қиладиган ҳар нарсани чиқариб отдилар. Бутун борлиқлари зикр, мужоҳада15, мусоҳаба16 ва муроқаба17 билан машғул бўлди. Аллоҳ таоло бундай ҳаётни азалдан ўзи учун танлаган шахслардан бошқаларга марҳамат қилмайди.
Ҳадиси шарифда:
“Абу Бакрнинг сиздан устунлиги кўп намоз ўқигани ва кўп рўза тутгани учун эмас, унинг сиздан устунлиги қалбидаги таъзим ҳиссидандир”, – дейилади.
Кўпгина оятларда ҳам авлиёсифат бандаларнинг қалбларидаги эҳсоний туйғулар туфайли қўрқув нималигини билмасликлари, шунинг учун ҳам олтин ирмоқли жаннатга ноил бўлишлари билдирилади.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Баъзи сирли илмлар бордирки, улардан фақат “орифи биллоҳ” бўлганлар хабардор бўладилар. Улар ўзларининг илмларидан сўз очганларида мағрур кимсалар уларнинг устидан кула бошлайдилар. Асло Аллоҳ таоло илм берган кишилар устидан сира кулманг. Чунки Аллоҳ таоло уларга илм берар экан, уларнинг устидан кулмаган эди”.
Имом Ғаззолий ботиний илмлар уламосининг зоҳирий илмлар уламосидан устунлигини шундай таърифларди:
“Имом Шофиъий Шайбоний Роийнинг ёнига талаба каби тиз чўкар эди. У зотга:
– Имом ҳазратлари, сиз киму Шайбоний ким? Нега уни бу қадар ҳурмат қиласиз?” – деб сўраганларида, Имом Шофиъий:
– Бу киши биз билмаган нарсаларни билади”, – деб жавоб берар эдилар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ва Яҳё ибн Муоз баъзи масалаларни Маъруф Кархийдан сўраб ўрганар эдилар. Улардан бунинг сабабини сўраганларида, саҳобаларнинг: “Ё расулулллоҳ, китоб ва суннатдан жавоб тополмасак нима қилайлик?” деган саволларига ҳазрати пайғамбар (с.а.в.)нинг: “Буни солиҳ кишилардан сўранг. Уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутинг”, – деган ҳадиси шарифларини мисол қилиб кўрсатар эдилар. Ботиний олимларнинг қалби ва тафаккури кўзга кўринмайдиган оламнинг сирлари билан тўла эканлиги шак шубҳасиз.
Сирри Сақатий Жунайд Бағдодийни: “Аллоҳ аввал сени зоҳирий илмларга эриштирсин, ундан кейин эса сўфийлар сафига қўшсин”, деб дуо қиларди. Шунингдек, Ҳорис ибн Асад алМуҳосибий билан суҳбат қилиб, ундан илм ўрганишни кишиларга тавсия қилар эди.
Ҳазрати Умар (р.а) вафот қилганларида Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а):
– Илмнинг ўндан тўққизидан айрилдик, – дедилар. Саҳобалар:
– Орамизда бошқа олимлар ҳам бор, – деганларида:
– Мен маърифат илмидан баҳс этаяпман, – деб жавоб бердилар.
Илм умумийлик асосидаги зоҳирий маълумотлардан иборат бўлади ҳамда ақл, нақл ва тажрибага таянади. Маърифат ва ирфон эса кашф, илҳом ва ички тажрибага таянади.
Сўфийларга кўра, инсоннинг асл сифати маълумотсизликдан иборат. Оятларда инсонларга оз илм берилганлигидан, инсоннинг жоҳил ва золимлигидан баҳс юритилади. Илм – Аллоҳнинг сифати. Бандалар Аллоҳ берган оз маълумотларга Аллоҳ илова қилган эҳсон туфайли ориф ҳолига келадилар. Инсонлар маърифатдан, яъни Аллоҳни таний олишдан ҳисса олишга ҳаракат қиладилар.
Ақл инсонни комиллик мақомига эриштирса ҳам, Аллоҳни таниш учун камлик қилади. Чунки ақл – инсон учун бир восита. Инсон фақат шу восита ёрдамида ўзини танитганни танийди. Аллоҳни эса фақат унинг асарлари – яратиқлари орқали таний олади. Чунки Аллоҳ таоло азалда ҳам руҳлардан: “Мен кимман?” – деб сўрамади. Аксинча: “Мен сизнинг Раббингиз эмасманми?” – деб сўради.
Нафс ақл воситасида эмас, фақат қалб йўли билан тарбия қилинади. Ояти каримада:
“Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур” (“Раъд” сураси, 28 оят), – дейилади.
“Музаммил” сурасида эса:
“Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб (чин ихлос билан бандалик қилинг) (8оят), – дейилади.
Ибни Ато:
– Аллоҳ ўзини авом халққа махлуқот воситасида танитди, – дейди.
Авлиёларга эса калом ва сифатлари билан танитди:
“Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?” (“Нисо” сураси, 82).
“Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир” (“Аъроф” сураси, 182 оят).
Абу Ҳасан ибн Абу Зарр Шиблийдан шундай ривоят қилади:
“Тасаввуф олий, самовий ва илоҳий илмдир. У битмас, туганмас бир илмдир. Бу илмдан фақат унинг арбобларигина фойдаланишлари мумкин. Бу илмни Аллоҳнинг эҳсонига ва буюк лутфига сазовор бўлганларгина ўзлаштира оладилар”.
Бу мақомларни фақат ҳаёт давомидагина тушуна о-лиш мумкин. Бу ҳолни ўз бошидан кечирган сўфийлар вақтивақти билан “Фусус”даги каби рамзий ифодалар қўллайдилар. Бунга сабаб қалби илмдан насиба олмаганлар ўзликларини янглиш тушуниб, залолатга тушишларининг олдини олишдан иборат. Имом Ғаззолий, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳйиддин ибн ал Арабий ва Имом Раббоний каби Ҳақ дўстлари диннинг нозикликларини, ҳикматларини маърифат чўққисига олиб чиққан уламолардир.
Ўзларига жаннат муждаси берилган саҳобаларнинг бу илм маърифат туфайли ўзларини ҳеч билиб, илоҳий салтанат қаршисида қўрқув ҳолида турганликлари ҳақида ривоятлар кўпдир.
Ҳазрати Абу Бакр (р.а):
“Кошки қушлар тумшуқлари билан чўқийдиган хурмо доналари каби бўлсам эди”; Ҳазрати Умар (р.а) эса: “Кошки майса бўлсайдим. Кошки бирор нарса ҳам бўлмаса эдим”, деган эдилар. Аммор ибн Ёсир Куфа минбарида:
“Шоҳидлик қиламанки, у дунё ва охиратда Аллоҳ Расулининг аёлидир”, деб таъриф этган Оиша (р.а): “Кошки шу дарахтнинг бир япроғи бўлсам эдим”, – деган эдилар.
Нисо сурасидаги: “Ким бир ёмонлик қилса, жазосини тортади”, – деган оят нозил бўлганда ҳазрати Абу Бакр (р.а): “Белим сингандай бўлиб, эгилдим қолдим”, – деган эдилар.
Бу зотларнинг бу қадар таъсирчанлиги Аллоҳ ризосига қарши келадиган бирор амал қилишдан қўрқишларидан, Аллоҳ таолонинг қудрати олдида бош эгишларидан, доимо ҳузур ичида яшашни орзу қилганликларидан ва ҳаёларидан эди.
Қуръони каримда:
“Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир” (“Алисро” сураси, 14 оят), – дейилади.
Динни фақат зоҳирий тарафдан билиш, унинг ботиний, яъни ички руҳий сирларига ошно бўлмаслик даҳшатли бир янглишишдир. Киши ўзи билмаган нарсасининг душманига айланади. Солиҳларнинг, содиқларнинг, фазилат арбобларининг муҳити ва суҳбатидан узоқда қолиб, ўткинчи ишлар билан машғул бўлиш кўнгил ва виждон уфқини торайтиради, инсоннинг зоҳирий ва ботиний нурларини сўндиради. Бундай қилиш кишиларни Китоб ва Суннатнинг нозик ҳикматларидан, аҳли ҳол бўлган авлиёларнинг руҳоний файзидан маҳрум қилади. Инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳаёт сармоясини йўққа чиқариб, уни ўз нафсига асир қилади. Бундай кишилар оламга уйқучан кўзлар билан қараган ғафлат аҳлига айланадилар.
Мусо а.с. башарий фитналар тўфонига ғарқ бўлган, йўлдан озган, дунёпараст Бани Исроил қавмига шариатни барқарор қилиш учун юборилган бир пайғамбар эди.
Мусо (а.с) ҳазрати Хизрга:
– Сизга ўргатилган илмдан менга ҳам ўргатишингиз учун мени ёнингизга оласизми? – деганида ҳазрати Хизр:
– Менга ҳамроҳ бўлишинг учун сабринг етмайди, – деб жавоб беради.
Бу орқали ҳазрати Хизр Мусо (а.с) руҳониятида илк кашфиётни амалга ошириб, ўзини унга танитишни истайди. Мусо (а.с)га бериладиган дарс унга ўзини танитиш ва бир сабртоқат дарси эди.
Мусо (а.с)га:
– Мен билан ҳамроҳ бўлишга сенинг сабринг етмайди. Сен бу хусусда маъзурсан. Чунки бу илмнинг камоли ҳозирча сенга берилгани йўқ, – дейилди.
Мусо (а.с) бунга жавобан:
– Иншааллоҳ, мен сабр қилгувчиман. Бирор масалада ҳам сенга қарши чиқмайман, – деди.
Ҳазрати Хизр:
– Агар менга ҳамроҳ бўладиган бўлсанг, мен сенга сиримни ошкор қилмагунча, бирор нарса ҳақида менга савол бермайсан. Яъни, бирор масала ҳақида тортишиш уёқда турсин, сўраб ўрганишга ҳам журъат қилма, деди.
Демак, бошқа илмларда масала ечимининг ярмини ташкил қиладиган сўраб ўрганиш бу илмда таъқиқлангандир. Бу илмда талабанинг нафси фаолиятдан кўра ҳам қобилият билан тарбия қилинади. Масалан, меъмор Синоннинг илми ва қобилияти Сулаймония Жомеъси иншоотида меҳнат қилган бутун усталарнинг қобилиятидан устун эди. Меъмор Синоннинг бу иншоотда бир мармар устаси каби мармарни кеса олмаслиги унинг камчилиги ҳисобланмайди. Чунки бу усталар ҳам меъморнинг таълимоти билан иш қиладилар.
Ҳазрати Мусо (а.с)нинг ҳаёт ҳикоясидаги бу илм унга фақат ҳазрати Хизр билан кўришиши орқалигина эмас, бошқа йўллар билан ҳам берилганини тушунмоқдамиз:
Мусо (а.с) Мисрда экан, Бани Исроилга Фиръавнни ҳалок қилгандан кейин уларга Тавротни олиб келишни ваъда қилган эди. Фиръавн ҳалок бўлгандан кейин Мусо (а.с) Аллоҳдан ўзига Китоб берилишини сўрайди. Шунда унга ўттиз кун рўза тутиш ва унга ўн кун қўшиб, қирқ кунда рўзасини тугатиш амри берилди.
Мусо (а.с) Тур тоғларида қирқ кун қолишининг маъноси қуйидагидан иборатдир:
“Аҳлуллоҳнинг нуроний тонгга етишишлари кечаларини изтироб билан ўтказишларига боғлиқ. Ғалабанинг нурли тонглари изтироб кечаларининг натижаларидир.
Мусо (а.с) Тур тоғида узлуксиз ўттиз кун “савми висол” рўзасини тутди. Бу орада очлик ва сувсизлик ҳис қилмади. Шундан кейин унга ҳазрати Хизр билан учрашиш ҳақида амр берилди. Йўлда ярим кун ўтмай туриб, сабри тугади ва ҳамроҳига: Таомларимизни келтиринг, нонушта қилайлик, – деди. Чунки унинг ҳазрати Хизрни излаб топиши бир имтиҳон эди. Имтиҳонга гирифторлик қўшилди. Ёнида ҳамроҳи бўлгани учун ярим кунда очлик ҳис этди. Тур тоғига эса Аллоҳга етишиш, Унинг билан суҳбатлашиш учун борган эди. Бу ернинг ҳайбати унга таом ва сувни унуттирди. Уни Аллоҳдан бошқа барча нарсалардан узоқлаштирди.
Улуғ пайғамбар бўлган Мусо (а.с)нинг ҳазрати Хизрнинг ёнига ладуний илмни ўрганиш учун юборилиши диққатга сазовор мисолдир. Мусо (а.с)нинг ладуний илмни билган бир кишидан бу илмни ўрганиши унинг учун нуқсон саналмайди. Шу билан бирга, бу ҳодиса Мусо (а.с)нинг барча илмларни биладиган пайғамбар бўлмаганлиги, Аллоҳ унга берган илмдан бошқа илмлар ҳам мавжуд эканлигини билдиради. Бу илм унга кейинчалик ўзидан қуйи мақомда бўлган ҳазрати Хизр томонидан ўргатилмоқдаки, бу ҳам пайғамбарларнинг илоҳий илм қаршисида ожиз эканликларини билдириш ҳамда ҳазрати Мусо ва ҳазрати Хизрга маълум бўлган муштарак илмнинг келиши кутилаётган зулжаҳонайн (дунё ва охират ҳақида кенг маълумотларга эга бўлган) Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаллам мақомининг энг мукаммал мақом эканлигини билдириш учун қилингандир...
Парвардигоро, бизларни қалблари илоҳий нур билан ёритилган, маърифат денгизидан насибини олган, лутф ва карамга лойиқ кўрилган бандаларингдан айла! Омин!
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 14
Juda katta ma'naviy naf oldim, ROBBIM rozi bo'lsin!
Agar iloji bo'lsa Hazrat Xizr a.s. to'g'risida kengroq yozsanglar, U zot avliyolarning ustozi deyiladi, shu xususda va U zot bilan bog'liq haqqoniy rivoyatlarni yoritib bersanglar, oldindan rahmat!
Хаммамизам шундай кириб келганмизда
Lekin, men xozirda tariqat tugul avomga xos shariatni ham eplay olmaymanda...
XUDO HODIY va ROSHIDdir!