Ғайратни қишлоқдошлари "ғаройиб одам” дейишарди. Унга бундай таъриф берилишининг сабаби – шу кунгача унинг феъл-атворига ҳеч ким тушунмаган. Унинг яна бир лақаби бор эди – "Ғийбатжон”...
Ҳуллас, қаҳрамонимиз катта йўл ёқасидан юриб, ўзича бир нималар деб гапириб кулиб келарди. Ҳар замонда бошини чайқаб "ҳаҳ” деб қўярди. Уни кузатиб турган одам. "жинни” деб ўйлаши ҳеч гапмас. Лекин у жинни эмас, ўта "аққлли” одам. Ҳа-ҳа, бунга шубҳа йўқ. Маҳалладошлари ва уни яхши билганлар Ғайратжоннинг "ҳурмача” қилиқларини жуда яхши билишарди.
Бир сафар бир чапани йигитнинг олдидан ўтаётиб, "ҳаҳ энангни” деб юбориб, роса калтак еган эди. Йигит эса қамоқдан аранг қутулиб қолган ва Ғайратдан кечиририм сўраганди.
Одамлар Ғайрат ҳақида гапирганда "У ҳеч кимга дўст бўлолмайди”, "Ёлғон тополмаса рост гапиради” деган таърифларни айтишарди.
Ғайрат эллик беш ёшида нафақага чиқиб олган. У бир умр давлат идораларида ишлаган, лекин бирон марта ҳам раҳбарлик курсисига ўтирмаганди. Лекин бошлиқлардан яхшироқ яшаган. У ишлаган идора ёки ташкилот раҳбари бирон сабаб билан қамалса ҳам, Ғайрат сувдан қуруқ чиқарди. "Мен ўз-ўзимдан кулмайман, лақма ва ақлсиз одамларнинг устидан куламан” деган экан бир куни ўз жўраларига. Шу-шу танишлари "Ғийбатжон”ни хушламай қўйишибди, "Сендай улфатнинг боридан йўғи яхши” дейишибди.
"Албатта куламан-да”– дерди у. – "Ахир одамлар олтмиш ёшида нафақага чиқишади, мен эса эллик бешда чиқдим. Эртага дастлабки икки ойлик нафақа пулимни оламан. Ҳаҳ одамлар-а, юраверинглар аҳмоқ бўлиб... Мен ҳатто Азроилни ҳам алдаб кетаман”. У яна кулиб қўйди "Ҳаҳ”...
Ғайрат ҳовлисига кирар экан, унинг катта ўғли пешвоз чиқди.
– Келдингизми дада, онам сизни сўраяптилар.
Ғайратнинг хотини анчадан буён касал, аҳволи оғир эди. Унинг кўзлари қисилди: "Қачон тузаларкан бу хотин? Ўладиган бўлса, ўлиб қўяқолмайдими?”
– Дадаси, – хотини ҳансираб гапирди. – агар тўсатдан қайтиш қилсам, мендан рози бўлиб қолинг!
Ғайратнинг юз-кўзлари ғамгин тус олди.
– Ундай дема онаси,– у артистлик қила бошлади. – болаларингга бош бўлгин, умринг узоқ бўлсин. Ажал келадиган бўлса, аввал менга келсин, Азроил сенинг эмас, менинг жонимни олсин...
"Мени безовта қилманглар, бир оз ухлаб олай”, дея Ғайрат ўз хонасига кирди. Сўнг ўринга чўзилди-да, кулиб қўйди. "Хотиним ҳалиям содда, гапларимга ишонади”. Ғайрат бошини чайқаб кулиб қўйди-да мазза қилиб эснади. Кўзини юмди... Ва шу заҳоти кўзлари катта-катта очилиб кетди. Хонада яна кимдир унга қўшилиб кулгандай бўлдими? Ахир эшик ичкаридан қулфланган-ку?! "Ғийбатжон” у ёқ-бу ёққа аланглади. Ҳеч ким йўқ. "Менга шундай туюлди шекилли...” У яна ҳайратланиб жойига ўтирди. Ғайрат чап томонга қаради ва танасини қаттиқ қўрқув қоплаб олди. Унинг рўпарасида бир чол турарди. Ғайрат бақирмоқчи бўлди, лекин овози чиқмади. У бундай қўрқинчли одамни биринчи бор кўриб туриши эди. Ғайрат чолга қарамасликка ҳаракат қилди. Бироқ ундан кўзини узолмай қолганди. Вужудини бемисл ваҳима қоплаб олганди.
Шу таҳлит у анча вақт бу чолга тикилиб қолди. Назарида йиллар ўтгандек бўлди.
Ғайратнинг танасига кирган ваҳима ва титроқ бирдан йўқолди, ўзига келди. Қаршисидаги чол ҳам истарали бир мўйсафидга айланди.
– Кимсан? – Ғайратнинг чолга берган биринчи саволи шу бўлди.
– Яратганнинг ажал фариштаси Азроил алайҳиссалом бўламан!
Ғайратнинг юраги тез-тез уриб, мияси яшин тезлигида ишлай бошлади. Ана халос, унинг қаршисида Азроил турибди! Нима қилиш керак? "Қанча оғир вазиятлардан чиқиб кетганман. Азроилни ҳам алдайман. Ўладиган аҳмоқ йўқ!”
– Нима керак сенга?
– Сенинг жонингни олгани келдим!
Фаришта Ғайратни қўрқиб кетади деб ўйлаганди. Лекин Ғайрат қўрқмади. Унга ҳозир қўрқув ҳисси бегона эди. Ғайрат "ҳужум”га ўтди.
– Сизларда тартиб борми ўзи?
Қизиқ, фариштанинг ранги ўзгарди. Ғайратга ҳам шу керак эди.
– Сен мендан хафа бўлмагин, – Ғайрат фариштани ҳам чалғитмоқчи бўлди. – Ҳамма ишда тартиб бўлиши керак. Сен аввал ёши катталарнинг жонини ол. Яна... Ана, хотиним касал, сен унинг жонини ол...
Фариштанинг жаҳли чиқди. У бундай кимсага илк бор дуч келиши эди. "Сенинг жонингни ҳозироқ олардим, лекин озгина вақт бор-да...” Фаришта ҳам баҳсга киришди:
– Сенинг ёшинг хотинингнинг ёшидан катта...
– Йўқ, – Ғайрат жонҳолатда фариштанинг гапини бўлди. – Менинг ёшим хужжатимда катта кўрсатилган халос. Ишонмасанг, ана "сельсовет” раисидан сўра.
Фариштанинг ҳақиқатан ҳам жаҳли чиқди:
– Аблаҳ! Ўз она тилингда гапир!
– Хўп! – Ғайрат нима бўлганда ҳам ажалдан қочиб қолиш илинжида эди. – Нима қилдик ака, келишамизми?!
Фаришта қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди:
– Эҳ нодон, келишув бу дунёда бўлади. Сенинг умринг тугаяпти. Тараддудингни кўр!
Ғайратнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. "Умринг тугаяпти дедими?”
– Устингдан бошлиғингга арз қиламан!
Азроил кулгудан тўхтади.
– Нима деб арз қиласан? Қачон арз қиласан, нодон одам?!
– Пул сўради дейман! – Ғайрат фариштанинг чўчиганини кўриб, кучайди ва яна бидирлай бошлади.– Шунинг учун тезроқ кет. Менинг жонимни кейинроқ оларсан.
– Сен шунча яшаб бирон одамга яхшилик қилганмисан?
– Мен яхшилик қилмаган бўлишим мумкин, – Ғайрат яна ҳужумга ўтди, – лекин сен яхшилик қилгин. Сенинг ўзинг бировга яхшилик қилганмисан?
Азроил алайҳиссалом ҳанг-манг бўлиб қолди. У чиндан ҳам қийин вазиятга тушганди.
Ғайрат фариштанинг каловланиб турганини кўриб, яна кучайди.
– Бирон жойинг оғрияптими? Майли мен сенга яхшилик қилай. Мана сенга оғриқ қолдирувчи дори, шундан ўн дона ичиб юбор! – Ғайрат фариштани ўлдирмоқчи эди.
Азроил ўзига келди. Ғайратга нафрат билан тикилди.
– Мен ўз вазифамни бажаришга киришаман! – Фаришта шундай дедию, кўздан ғойиб бўлди.
Ғайрат гангиб қолди. "Тушимми ёки ўнгимми?” У ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезмади. "Ҳайрият тушим экан” деди ва ўринга чўзилди. Шу ондаёқ Ғайратнинг танасида қаттиқ оғриқ бошланди. У фарзандларини чақирмоқчи бўлди, бироқ овози чиқмади. Оғриқ зўрайиб Ғайратнинг аъзойи баданига тарқалди. У жуда қийнала бошлади. Бир оз ўзига келганида унинг ҳеч нарсага ҳоли қолмаганди. У қанча вақт ўтганлигини билмади. Шу лаҳзада у ўлим остонасида турганлигини ҳис қилди. Ғайрат мўйсафиднинг: "Тараддудингни кўр” деганини эслади. У калима қайтаришга улгуролмади...
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев