Маҳлуқотларни йўқдан бор қилиб яратувчи зот инсон дея аталмиш вужудни ҳамма маҳлуқотларнинг ичида азизу мукаррам қилиб яратган. Бу ҳам биз бандалар учун улуғ неъмат. Бунинг шукронаси учун Яратганга ҳар қанча ибодат қилсак ҳам оз.
Ота-она ана шу мукаррам бўлган инсоннинг дунёга келишига сабабчи, унинг инсон бўлиб шаклланишида буюк тарбиячи ҳисобланади. Ота-онанинг қадри баланд, ҳиммати чексиз, фарзанди учун жонини қурбон қилишга шай турувчи улуғ зотлардир. Улар мурғаккина вужудни вояга етказгунга қадар жуда кўп қийинчиликларга бардош беради.
Ҳар бир инсон ўз фарзандига фақат яхшиликни раво кўради, ёмонликдан асрашни Яратгандан илтижо қилиб сўрайди. Аммо фарзанд буни қай даражада англайди? Ота-онанинг тортган машаққатларини фарзанд қанчалик ҳис қилади? Бугунги кунда ёшлар орасида айримлари ота-оналаридан хабар олмай, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, фарзандлик бурчини адо этмаётган кимсаларнинг оз бўлса-да учраб туриши жуда ҳам ачинарлидир.
Ислом шариатида инсонларга нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга, ҳатто, ғайридин бўлган инсонларга ҳам яхшилик қилиш буюрилади. Ёмонликдан қайтаришга даъват этилади. Ота-онанинг ризосида Аллоҳ ризоси бор, ота-она ғазабида Аллоҳнинг ғазаби бор.
Бир киши Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир яхшиликни билдирингки, у билан дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаатдор бўлайин", - деди. Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) у кишидан: "Ота-онанг борми?" - деб сўраганларида, у "ҳа", - деб жавоб берди.
Расули Акрам (с.а.в.): "Ундай бўлса, уларнинг ҳаққини адо қилгин ва уларни таомлантиргин. Уларга едиргин, ҳар бир луқманг учун Жаннатда сенга қаср бино қилинади", - дедилар.
Бу Ҳадиси шарифдан шу нарса аёнки, фарзанд ўз гарданида бўлган вазифани, яъни, ота-онанинг ҳаққини адо этсин. Зеро, Қиёмат кунида ота-она ўз фарзандидан ўша ҳақларининг адо эшитишини сўрайди. Бу ҳақда ҳазрати Али (р.а.) Расули Акрам (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб дедилар: "Ҳар қачон ота-она фарзандини чақирган вақтда, фарзанд ҳамма ишини ташлаб, уларнинг олдига бориб, айтганларини жону дили билан адо этсин. Агар бепарво бўлиб, уларнинг буюрганини қилмаса, мен ундай умматдан безорман".
Юқоридаги Ҳадиси шарифда баён қилинганидек, Аллоҳ ўз ризосини ота-онанинг ризосига қўйган экан, буни ғанимат билмоқ керак. Қайсики, инсоннинг ота-онаси ҳаёт экан хизматини қилиб, рози қилсин, дуосини олсин. Тангри таоло ҳам бу бандасидан рози бўлади. Шариатимизда ота-она қандай бўлишидан қатъи назар фарзандларга уларни рози қилиш ва дардларига малҳам бўлиш буюрилади.
Билгинки, Жаннат ота-она ризолигида, оналар оёғи остидадур. Демак, бизлар уларнинг хизматини адо этиб, кексайганларида суянчиқ бўлиб, дуоларини олишга интилайлик. Ота-оналарнинг оёқларига бош қўйиб, бирини кабам, бирини қиблам, дея эъзозлайлик
Аллоҳ барчамизни ота-она ризолигига мушарраф бўлган бандалар қаторида бўлишликни рўзи насиб айласин.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3