17-кисм
- Йўқ… манфаати бор деб ўйламаганман сира. Нафс деган хаёлга ҳам бормаганман.
- Нима учун?
- Ҳис-туйғуларингиз самимий бўлгани учун.
- Раҳмат…
- Лекин тентаксиз деб ўйлаганман,-кулди Заҳро.
- Тентак?
- Ҳа, ахир сизнинг менга бўлган туйғуларингиз тентакликдан бошқа нарса эмас.
- Сиз нима десангиз шу, Заҳро Султон!-кулиб қўйди Беҳруз ҳам. -Раҳмат сизга!-қўшиб қўйди яна.
- Нима учун?-сўради аёл бироз хайрон бўлиб.
- Ҳеч кимга айтмаган сирларингиз ва дардларингизни мен билан бўлишганингиз учун…
- Шунча йил бу гапларни қалбимда асраб жуда тўлиб кетибман шекилли... ҳам ҳозир юқорида ва бегона юртдамиз, дардларингиз ҳақида сўзлаганингизга мен ҳам бир тўкилай дедимда…
- Кимгадир тўкилишингиз керак эди албатта. Эшитганларим шу ерда қолади, бунисидан кўнглингиз тўқ бўлсин.
- Агар бундан ташвишланганимда сизга айтмасдим…
- Раҳмат…
Кейин тоғ-чанғи кўтаргичдаги носозликни тузатишди чоғи у ҳаракатланишда давом этди. Улар пастга тушишди ва меҳмонхонага етиб олишди. Хоналари ёнига боришгач Беҳруз:
- Бугунги ажратган вақтингиз учун раҳмат, носозлик учун узр сўрайман. Совқотмадингизми ишқилиб,-деб сўради Беҳруз.
- Бу сизнинг айбингиз эмас-ку, менга ёқди манзарани юқоридан томоша қилиш. Кейин бунда ҳам бир ҳикмат бор эди менимча, чунки бир тўкилдик,-деди табассум билан. -Совқотмадим, раҳмат менга ҳар доимгидек қайғуриб, илтифот кўрсатдингиз. Ўзингиз шамоллаб қолмасангиз бўлди.
- Мендан хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади. Энди кириб дам олинг, кечки зиёфатга чиқишимиз керак. Ҳозир дам олмасангиз толиқиб қоласиз. Бешта кам еттида хонангиз эшигини тақиллатаман.
- Яхши.
- Яхши дам олинг.
- Сиз ҳам,-дея аёл хонасига кириб кетди.
Беҳруз ҳам хонага кирди. Ётиб бироз дам олди. Заҳронинг гаплари ҳақида ўйлади. Унга ишониб дардлашгани учун ич-ичидан жуда қувонди. Ахир бу ишонч дегани эди.
Ё Аллоҳим, уни фақат бахтли кўришимда менга ёрдам бер, ўзинг куч бер, шундай куч бергинки, у доимо бахтли яшаши учун дунёларга ҳам қарши тура олай!
Бу пайтда Заҳро ҳам бугунги кечган суҳбат ҳақида ўйларди. Беҳрузга ишонарди, шунинг учун ҳам унга қалбини очди. Беҳрузнинг ҳислари поклигига, туйғулари абадийлигига ва ўзини чин маънода севишига ишонарди, лекин бу пишадиган савдо эмаслигини яхши биларди. Шунинг учун ҳам Беҳрузга умид беришни истамасди, унинг азобланишини истамасди. У ҳақиқатдан ҳам яхши йигит, энг аввало мен ҳақимда қайғуради, рашк қилишини сезиб турсам ҳам унинг рашки қанақадир ёқимли. Чунки Беҳруз ишончсизликдан рашк қилмасди, шунчаки беғубор қизғанарди уни. Кинояларидаги жаҳл ҳам аёлга эмас, унинг атрофидаги “парвона”ларга эканлиги шундоққина сезилиб турарди.
Хуллас, бир сўз билан айтганда Беҳруз ҳар томонлама яхши ва ишонса бўладиган йигит эди. Лекин мен унинг бахтли бўлиши учун ҳам ўзимни четга олишим шарт! Ахир уни яхши кўраман-ку, демак унинг бахти учун ҳам буни унга сездирмаслигим керак. Агар у буни билиб қолса ҳеч қачон мендан кечмаслиги аниқ.
Эй, Худойим, ўтинаман, қалбимдан унинг севгисини ўзинг ол, унга буни сездириб қўймаслигим учун менга ирода бер. У ўз тенги билан бахтли бўлиши керак.
Шу хаёллар билан бироз кўзи илинди.
Соат олтида туриб, ўзига оро берди, ҳар эҳтимолга қарши олиб келган оқшом кўйлагини кийди. Беҳруз ҳам сочларини тузатди, қора ёқали кўйлагини кийиб, устидан қора виллурдан тикилган костюм-шимини кийди. Хуллас, иккиси ҳам ўзларига обдон оро беришгач,
Беҳруз айтилган пайтда Заҳронинг эшигини тақиллатди. Эшикни очган аёлдан Беҳруз нигоҳларини бир зум узолмай қолди.
- Жуда гўзалсиз…,-деди меҳр билан.
- Сизга ҳам гап йўқ, Беҳруз Шуҳратович,-деди Заҳро Асадовна табассум билан.
- Кетдикми?
- Кетдик. Сизга битта қора кўзойнак етишмаяпти холос. Шунда ҳақиқий тансоқчига ўхшаган бўлардингиз.
- Кўзойнаксиз ҳам сизни истаган шилқимдан ҳимоя қила оламан.
- Бунга заррачаям шубҳам йўқ.
- Ҳозир улар сизни кўриши билан типирчилаб қолишади, сизга бехаёларча хушомад қилишади ярамаслар! Ўша пайтда менга сабр тилаб турсангиз бўлди,-кулди Беҳруз ҳам.
- Мени шарманда қилмайсиз деган умиддаман.
- Асло! Буёғидан хотиржам бўлинг.
Кейин улар меҳмонхона ресторанига ташриф буюришди. Ресторан жуда шинам ва дабдали эди. Улар тўғри ҳамкорларни ёнига боришди ва Стеве Ҳаррисон билан Салоҳ Панаҳи ўринларидан туриб аёлга пешвоз чиқишди.
- Кечанинг энг гўзал хонимига хайрли кеч,-деди Салоҳ Панаҳи.
- Дунёнинг ягона ва бетакрор қироличасига хайрли кеч деяверинг,-деди Стеве Ҳаррисон.
- Оббо, бошланди! Нима Малайзияда адабиёт курслари бепул ўқитиладими?-деди Беҳруз ҳамкорларга соҳта кулиб аёлга юзланаркан.
- Нега ундай деяпсиз?-деди аёл ҳам Беҳрузга қараб.
- Булар хушомад қилишда бир биридан ўзаман деяпти!
- Марҳамат, ўтиринглар,-деди Стеве Ҳаррисон.
Улар ўтиришгач, таомга буюртма беришди.
- Турмуш ўртоғингиз жуда бахтли инсон экан, сиздек гўзал маликанинг соҳиби бўлиш ҳар қандай эркакнинг орзуси,-деди Стеве аёлга боқаркан.
Беҳруз аранг ўзини босиб турарди. Ҳозир аёлнинг эри йўқлигини билишса, Заҳронинг оёқларига йиқилишга ҳам тайёр бу ярамаслар! Яхши, демак, бугун мен таржимон эканман, маҳорат билан буни бажараман.
- Жаноб Ҳаррисон: Доим ёнингизда Беҳрузни олиб юринг, бўлмаса сиздек гўзал хонимни олиб қочиб кетишлари мумкин деяптилар,-деди аёлга.
- Наҳотки?! Ростдан ҳам шундай дедими ёки таржимани “текис”лаб қиляпсизми, Беҳруз жаноблари?
- Нега энди ундай ўйлаяпсиз, айнан таржима қилдим.
- Унда жаноб Ҳаррисонга марҳамат қилиб айтсангиз, доимо ёнимда сизни олиб юролмайман, буни сираям иложи йўқ. Чунки бир йилдан сўнг сиз компаниянгизда ишингизни давом эттирасиз. Таржима қилинг, сизга илҳақ қараб туришибди.
- Жаноб Ҳаррисон, хоним айтяптиларки, яқинда Беҳруз билан, яъни мен билан, турмуш қурмоқчимиз. У менинг орзуйимдаги қаҳрамоним, мени севади, мен учун ҳаммадан ҳам кўп қайғуради. Шунинг унга қалбим ва ҳаётимни бағишламоқчиман, деяптилар.
- Ўўў, ростданми, зўр-ку! Сиз жуда омадли инсон экансиз! Шундай хурлиқо аёлни кўнглини топа олибсиз, бу таҳсинга лойиқ, мистер Беҳруз!
Аёл ҳамкорларга табассум қилган ҳолда, оҳиста Беҳрузга яқинроқ шивирлади.
- Уларга нима дедингиз? Мен унча кўп гап гапирмадим-ку?
- Уларга мен билан турмуш қурмоқчилигингизни ва ҳеч ким сизни мендек сева олмаслигини айтдим, сизни номингиздан албатта.
- Ҳой, қачон шундай дедим, унақа гапларни айтмадим шекилли?
- Шундай демаганимда ҳозир сизга келганимиздан бери суқланиб ўтирган манави суллоҳлар елимдек ёпишиб олишарди! Сиздек аёлнинг кўнглига йўл топа олганим учун менга таҳсин айтишяпти,-деди ҳамкорларга ясама табассум қилди Беҳруз.
- Жуда сизга ёқиб тушган бўлса керак бу таҳсинлар, Беҳруз жаноблари?
- Ахир шахсий қўриқчингиз сифатида нафақат ўзингизни балки номингизни ҳам ҳимоя қилишим керак-ку, Заҳро Султон?
Бироздан сўнг Салоҳ Панаҳини иш билан чақириб қолишди, у узр сўради ва хайрлашиб кетди.
- Битта хирапашшадан қутилдик, иккинчисини ўзим даф қиламан шекилли.
- Беҳруз, бас қилсангиз-чи, ўзимни кулгидан зўрға ушлаб турибман гапларингиздан.
- Хоним, сизни рақсга таклиф қилмоқчи эдим, ўйлайманки бунга Беҳруз қаршилик қилмайди. Бир марта сиз билан рақсга тушсам армоним қолмасди,-деди Стеве Беҳрузга таржима учун қараркан.
- У нима деди?
- Ўтириб ўтириб бомба ташлади-ку бу!
- Беҳруз, у нима деди деяпман?
- Бир марта сиз билан рақс тушгиси келиб қолибди бемаҳалда! Бир марта сиз билан рақс тушсам бўлди, кейин Беҳрузнинг қўлларида ўлим топсам ҳам армоним йўқ деяпти,-деди Стевега қараб соҳта табассум билан.
- Жаноб, Ҳаррисон, таклиф учун раҳмат, лекин ҳеч ким билан рақс тушишни истамайман. Тўғри тушунасиз деган умиддаман. Беҳруз, таржима қилинг, илтимос.
- Жаноб, Ҳаррисон, биласизми, мен фақат севган инсоним билан рақс тушаман, у менинг қалбимни соҳиби. Шунинг учун ҳам мен билан фақат у рақсга тушишга хақли. Тўғри тушунасиз деган умиддаман, деяптилар хоним.
- Шунақами? Жуда афсусдаман, афсус лекин менга ҳали ҳеч ким йўқ демаганди. Сиз меҳмонсиз, бир марта таклифимни рад этмасангиз беҳад миннатдор бўлардим! Илтимос рад этмасангиз, мен ҳозир сиз учун энг чиройли куйни қўйишларини айтаман,-деди Стеве.
- Ё мени яхшилаб ушлаб туринг, ёки бўлмаса мана бу ярамасни гаплари учун ҳозир бўғиб ўлдириб қўяман!-деди Беҳруз аёлга юзланаркан мажбуран табассум билан.
- Нима деяпти?
- Ҳеч ким уни рад қилмаганмуш, шунинг учун сизнинг шарафингизга қўшиқ қўйишларини айтармушда сиз билан рақс тушармуш! Ўлдириб қўя қоларман!
- Ўзингизни босинг, энди шу етмай турувди менга.
- Нима таклифини қабул қиласизми унда?
- Мен ундай деганим йўқ, қандай ундан қутилишни ўйлаяпман холос.
- Уни менга қўйиб беринг, ўзим ҳал қиламан.
- Нима қилмоқчисиз яна?
- Жаноб Ҳаррисон, рақс бўлса қочмайди аввал ҳамкорлигимиз шарафига қадаҳ кўтарайлик деяптилар хоним,-деди.
- Албатта, бир оғиз сўзингиз ҳозир мен қуяман қадаҳларга,-деб Стеве Ҳаррисон оғзи қулоғида винони оча бошлади.
Уни кузатиб турган Заҳро бироз тушунолмай савол назари билан Беҳрузга қаради.
- Беҳруз, яна нимани бошладингиз? Унга нима дедингиз нега бунча суюниб кетди?
- Рақс бўлса қочмайди аввал ҳамкорлик шарафига қадаҳ кўтармоқчи эканлигингизни айтдим.
- Нима?! Эсингиз жойидами?! Мен умуман ичмайман, нима билмайсизми?
- Ўзингизни босинг, ҳаётим, бироз жилмайинг,-деди Стевега қараб ясама табассум қиларкан Беҳруз. -Қаранг, ҳозир сездириб қўясиз бунақа ҳолатингизда, бироз шошманг, сал жилмайинг. Ичмаслигингизни яхши биламан ва мен ҳам ичмайман. Қолаверса эсимни ўзингиз олиб қўйган бўлсангиз, қаердан ҳам жойида бўлсин, Заҳро Султон?
- Мана, марҳамат хоним бу қадаҳ сизга,-деб Стеве қўлидаги қадаҳни Заҳрога узатди.
- Лекин
- Олинг, қўлидан олинг ва қолганини менга қўйиб беринг,-деди аёлга секин шивирлаб.
- Мана бу эса сизга мистер Беҳруз,-деб унга ҳам қадаҳ узатди Стеве.
- Заҳро хонимнинг соғликлари учун кўтардик,-деди Стеве қадаҳларни уруштириш учун қўл узатаркан.
Шу пайт Беҳруз қадаҳни Стевенинг қадаҳи билан чўқиштириш учун яқин олиб бораётиб атай икки марта аксирди ва атайлаб қадаҳга эмас Стевенинг қўлига туртиб юборди. Буни атайин бўлганини фақат ўзи билан Заҳрогина пайқади чунки Стевенинг кўзлари Заҳро Асадовнада эди ва шу сабабли буни атайин қилинганини у пайқамай қолди.
Шу пайт қадаҳ Стевенинг костюмига тўкилиб кетди.
- Жаноб, Ҳаррисон минг бор узр, жуда афсусдаман, мен бундай бўлишини истамагандим. Аксига олиб шу пайт ҳам акса ургим келиб қоладими а?-деди Беҳруз астойдил пушаймондек кўрсатиб.
- Йўқ ҳижолат бўлманг, буям бир бўлиб қолдида. Ҳечқиси йўқ ҳаммаси жойида. Афтидан сиз билан рақс тушиш насиб қилмаган шекилли, хоним,-деб аёлга қаради Стеве.
- Илоҳим ҳеч қачон насиб қилмасин,-деди ўзбекчалаб Беҳруз.
- Бироз жим туринг, ҳозир кулиб юбораман,-деди аёл секин Беҳрузга шивирлаб.
- Жуда афсусдаман, жаноб Ҳаррисон,-деди кейин Заҳро.
- Хоним жуда афсусда эканликларини айтяптилар,-деди Беҳруз таржима қиларкан.
- Майли бу аҳволда ўтирмай мен бора қолай, сизларга хайрли оқшом, яхши ўтиринглар. Яна бир бор ҳамкорлигимиз билан сизларни қутлайман,-деди Стеве ва хайрлашиб кетди.
- Яна бир мартадан қадаҳ кўтарсак бўлардида, иккинчи мартасида юзларига сепиб юборардим винони,-деди Беҳруз Стеве кетгач.
Шу пайт Заҳро Асадовна чунонам қотиб кулдики, буни томоша қилиш Беҳрузга ҳузур бағишларди.
- Бирам чиройли куласизки…..
- Ўлдирасиз одамни, бунақа қилишингиз хаёлимга ҳам келмаганди рости,-деди аёл ўзини кулгудан тўхтатиб.
- Ахир айтгандим-ку, комедия кўрасиз деб.
- Ҳалиям эсласам кулгим келяпти,-деди Заҳро Асадовна кулгуга зўр бериб.
Беҳруз унга меҳр билан термулиб қолди.
- Балки менга термулишни бас қиларсиз, Беҳруз Шуҳратович.
- Узр, кечирасиз. Нотўғри хаёлга борманг, мен шунчаки самимий қараётгандим чиройли кулгуларингизга.
- Майли энди турайлик биз ҳам. Бугунги комедия етади.
- Бироз мелодраммага нима дейсиз?
- Тушунмадим?
- Мен билан рақсга тушишингизни илтимос қилсам майлими?-деб Беҳруз ўрнидан туриб аёлнинг ёнига яқин борди ва унга қўлини узатди.
Биласизми-деб Заҳро ўрнидан турди. -Бугунги кун учун драма ва комедия етади менимча. Энди бориб дам олсак бўларди, ахир эртага саргузашт кўрамиз шекилли?-деб энди кетмоқчи эди Беҳруз:
- Қўрқяпсизми?-деди.
- Нимадан?
- Севиб қолишдан?
- Нима?!
- Яна мендан ва сизга бўлган ҳисларимдан қўрқяпсиз шундайми?
- Бўлмаган гап! Ҳечам ундай эмасда!
- Унда нега таклифимни эшитибоқ кетиб қоляпсиз?
- Чунки буни истамайман!
- Тўғрисими?
- Нима сиз ноз қиляпти деб ўйлаяпсизми? Мен эътиборингиз учун нозланишни ёқтирмайман, қолаверса мен сизга ёш қизча эмасман нозланадиган,-деди аёл қошларини чимириб.
- Мен ҳам сизга ёш йигит эмасман. Бунча ёшингизни рўкач қилаверасиз?
- Чунки бу бор ҳақиқат.
- Мен ҳаммасини билиб туриб севаман сизни!
- Беҳруз, ҳамма бизга қараб турибди, юринг кетамиз.
- Бир марта мен билан рақсга тушсангиз нима тахтингиздан тушиб қоласизми, Заҳро Султон?
- Нима учун таклифингизни қабул қилишим керак?
- Бунчаям мағрур бўлмасангиз? Кўнглингизни олиш Эверест чўққисига тирмашиб чиқишдан ҳам қийина!
- Ўзингиз бунча қайсар бўлмасангиз?
- Ўхшатмасдан учратмас! Нима қилсам мен билан рақсга тушасиз? Деразангиз тагида серенада айтсам рози бўласизми?
- Серенада?-бирдан кулиб юборди аёл. -Ҳали шунақа қобилиятим ҳам бор денг, Беҳруз Шуҳратович?
- Куляпсизми?
- Қўшиқ айтишни биласизми ўзи?
- Айтолмайди деб ўйлаяпсизми?
- Асло шубҳам йўқ!-деди аёл самимий кулишда давом этиб. -Майли сиз аввал серенада айтиб кўрингчи, уёғини кўрамиз. Мен билан рақс тушиш осон эмас! Майли мен чарчадим, эртагача яхши дам олинг,-дея аёл ундан узоқлашди.
- Демак ишонмайсиза? Жуда соз,-деди Беҳруз аёл кетгач оҳиста шивирларкан.
Хаёлига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди.
Бориб қабул бўлимидагиларга учрашди. Барча керакли нарсаларни муҳайё қилишди. Кейин барчасини Заҳро Асадовнанинг номеридаги деразани тагига жойлаштирди.
Ташқари бироз салқин бўлишига қарамай, Беҳруз эринмасдан ҳаммасини бир бир кўздан кечириб чиқди. 3 та созанда йигитга тайёрмисизлар, деди.
Улар тайёр эканликларини ва Беҳруз қачон деса шу лаҳзадаёқ бошлашга шайликларини айтишди.
Беҳруз қўшиқ айтишга қизиқарди, шу сабабли ҳозир ўзи жонли ижрода рус қўшиқчиси Андрей Ивановнинг энг яхши ашуласини айтишни ўйлади. Қўшиқ номи “Я нарисую для тебя” деб номланарди.
Колонкалар ҳам тайёр эди.
Микрафонни қўлига олиб Заҳро Асадовнани чақирди.
- Заҳро Асадовна! Заҳро Асадовна!
Ўзини чақираётган ким бўлди экан, деган ўйда Заҳро дераза томонга қараган эшикдан чиқиб пастга қаради, қаради-ю ҳайратдан қотиб қолди. Бу Беҳруз эди.
- Заҳро Султон! Ҳаётимсиз, жонимсиз мени! Серенада бўлмаса ҳам сиз учун бир чиройли қўшиқни айтиб бераман, сизга бағишланади! Илтимос эшитинг!
- Бу қанақа жиннилик яна! Э худойим, эсини еганми бу йигит! Ахир ҳаммани кўзи менда, шарманда қилади бу ҳаммани олдида!-деди ўзига ўзи.
- Беҳруз, бас қилинг томошани, нима мастмисиз?
- Сизнинг ишқингизда мастман, ҳаётим!
Қани йигитлар бошладик!-деди кейин йигитларга қараб.
- Ҳой, кимга айтяпман! Беҳруз!-деди аёл.
Лекин колонкадан келаётган мусиқа унинг овозини босиб кетди.
Кўшиқни бошлади. Қўшиқ чиройли эди, матни ҳам мусиқаси ҳам ажойиб эди. Хайрон қоладиган томони Беҳруз ижрони ҳам юракдан жуда яхши айтаётганди. Заҳро Асадовна кириб кетмоқчи эди, лекин нимадир уни қолиб қўшиқни тинглашга ундади.
Қўшиқ тугагач, қўшни номерлардан томошага чиққан меҳмонлар қарсак чалиб, Бехрузни олкишлашди.
Қўшиқ матни бундай эди:
Я нарисую облако, так оно похоже на тебя,
Близкое и далекое, как и любовь твоя.
Я напишу над облаком два слова: "люблю тебя",
Близкая и далекая женщина...
Припев:
Я нарисую для тебя самый счастливый день,
Я так хочу удивить тебя, что может быть главней?
Я подарю тебе твой портрет, ты посмотри на него,
Больше сказать мне о любви нечего...
Я нарисую озеро, так же как в тебе я в нем тону,
Вдохновляясь над образом во сне и наяву.
Я напишу над озером два слова: "люблю тебя",
Близкая и далекая женщина...
Я нарисую для тебя море, а нем - дожди,
Я так хочу удивить тебя, ты только подожди.
Я подарю тебе всё, что есть и было в душе всегда,
Больше сказать мне о любви нечего...
Близкая и далекая женщина...
Припев:
Я нарисую для тебя самый счастливый день,
Я так хочу удивить тебя, что может быть главней?
Я подарю тебе твой портрет, ты посмотри на него,
Больше сказать мне о любви нечего...
- Мен сизни жудаям яхши кўраман, беҳад севаман, Заҳро Султон! Сиз менинг ҳаётимсиз, жонимсиз, жаҳонимсиз, бахтимсиз, ҳар бир нафасим, тириклигим, бутун борлиғимсиз!-деди Беҳруз.
- Тентаксиз!-дея аёл хонага кириб кетди.
Беҳруз созандаларга ташаккур айтиб, хонасига чиқиб кетди.
Тонг ҳам отди. Беҳруз эрта саҳардан қабулхона бўлимига бориб бугунги бориладиган жойлар рўйхатини узатди.
- Фақат ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши керак,-деди инглиз тилида.
- Албатта, жаноб, ҳаммаси сиз хоҳлагандек бўлади. Кўнглингиз тўқ бўлсин.
- Раҳмат!
Кейин Заҳронинг эшигини тақиллатди.
- Хайрли тонг, безовта қилмадимми?
- Хайрли тонг, қаҳрамон!
- Тайёрмисиз?
- Қаёққа?
- Ахир кеча келишдик-ку, бугунги кунни ўзимизга бағишлаймиз деб.
- Ҳозир кетамизми? Нонушта ҳам қилмасдана?
- Нонуштани ўша ерда қиламиз. Сиз ўзингизга қулай бўлган кийимларни кийиб олсангиз яхши бўларди ва оёғингизга ҳам пошнаси бўлмаган поабзал кийиб олинг.
- Майли лекин қаёққа кетяпмиз?
- Борганда биласиз, тайёрланиб пастга тушинг, сизни пастда кутаман хўп?
- Хўп, яхши.
Аёл ҳам кўп куттирмади, Беҳрузнинг ёнига яқин келгач:
- Кеча ичганмидингиз?
- Йўқ, мен умуман ичмайман. Қолаверса ичганимда деразангизга тирмашиб ёнингизга чиққан бўлардим ва сиз билан рақс тушардим. Дарвоқе, серенада сизга ёқдими?
- Кеча ҳаммани ўзингиз билан менга қаратдингиз.
- Кеча нима айтган бўлсам ҳаммасини чин қалбимдан айтдим.
- Хўш, қаерга борамиз?-деди Заҳро гапни бошқа томонга буриб.
- Ҳеч музда учганмисиз?
- Йўқ.
- От минганмисиз?
- Йўқ.
- Боулинг ўйнаганмисиз?
- Йўқ. Менда бунақа нарсаларга вақт ҳам, ҳафсала ҳам бўлмаган. Шошманг, нега бу ҳақида сўраб қолдингиз?
- Бугун ҳаммасига вақт ҳам, ҳафсала ҳам топамиз, Заҳро Султон! Хўш, кетдикми?
- Юрақолинг, гид жаноблари!
Улар меҳмонхона ташқарисидан чиқишган эди ҳамки бир келишган, ўзига жуда оро берган, виқорли ёш аёл:
- Сизни бир дақиқага мумкинми?-деди инглиз тилида Беҳрузни тўхтатиб.
- Эшитаман?
- Кеча қўшиғингизни эшитгандим, офарин қойилмақом ижро этдингиз! Менга жуда ёқди! Овозингиз ҳам чиройли экан, мумкин бўлса, бир учрашиб гаплашсак бўладими? Истасангиз продюсерлик қилишим мумкин?-деди аёл ошкора карашма билан.
- Афсуски, буни иложи йўқ, мен хонанда эмасман, кейин биласизми рафиқам жуда рашкчи, мени бегона аёллар билан гаплашишим унга ёқмайди. Мен эса уни жуда қаттиқ севганим учун уни ранжитадиган иш қилишни ёқтирмайман. Энди узр, биз шошаётгандик.
- Биз унга билдирмасдан ҳам учрашишимиз мумкин?-деди аёл янаям карашма билан.
- Мени тушунмадингиз чоғи, мен рафиқамни жуда ҳам севаман, ундан бошқа ҳеч ким мени қизиқтирмайди! Хайр,-дея Беҳруз Заҳронинг елкасидан қучган киши бўлиб, ҳалиги аёлдан узоқлашди.
- Бу нимаси, Беҳруз?
- Узр сўрайман, илтимос машинагача шундай юрайлик, анави аёл бизни кузатиб турибди.
Машинага ўтиргач:
- Шундай қилишга мажбур бўлдим узр сўрайман. Ишонинг атай қилмадим.
- У аёл нима деди?
- Кеча қўшиқ айтганим унга жуда ёққанмуш! Шунга бир учрашайлик,- деди.
- Нима? Дарров муҳлис орттирибсизда, Беҳруз Шуҳратович?
- Унга сиз менинг рафиқамсиз дедим.
(Давоми бор)
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6