Менга бир танишимнинг айтиб беришича, унинг аёли ҳаж зиёратида эканида маҳаллий дўконлардан бирига кириб кийимлик бир тўп мато олмоқчи бўлибди. Савдолашаётиб сотувчига:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари озгина туш, – дебди.
Сотувчи эса дарров матони ўраб, унга бериб:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари учун бу мато мендан сенга совға, бир тийин ҳам олмайман,– деб айтибди.
Аёл савдо учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни исмларини айтганига жуда ҳам хижолат бўлибди.
Мадина аҳли учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари ўта ўта баланддир!
Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий
Таржимон изоҳи:
Мадина ҳавоси, одамлари, савдогарлари ҳам бошқача, жуда ҳам ёқимли, буни борганлар яхши билишади. Ушбу шаҳар аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда ҳам яхши кўришади.
Мадинада бир иш билан юрганимизда ўта қимматбаҳо машинани тўхтатдик. Фалон жойга олиб бориб қўйишини айтиб, йўлда давом этдик. Бир маҳал қарасам, ҳалиги машина эгаси йиғлаяпти.
– Тинчликми, – дедим.
У бўлса ёнимиздаги тоққа ишора қилиб:
– Ҳиро ғори, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганлар, – деди.
Шу ўринда бир мулоҳазамиз бор. Бизнинг юртдан борганлар ичида юртимиз алломалари, айниқса имом Бухорийнинг номини сотадиганлар ҳам кўп. Ўн риёл, тахминан 25-30 минг турадиган арзимас майда-чуйда нарсалар олишаётганда ҳам “Бухорий авлодимиз, тушиб бер”, дейилиши ўта ачинарли ҳолат.
Ҳожиларимизни ҳаж сафаридан аввал, боргандан сўнг буюк муҳаддис бобомиз номини айтиб савдолашмасликка ундашимиз лозим.
Савдо марказида кийим олаётгандим. Сотувчи нарх айтди.
– Фалон нархга беринг, – дедим.
– Ўзи келиштириб айтдим-да, – деди.
– Савдолашиш суннат, шу учун савдолашдим, – дедим.
– Суннат бўлса жоним қурбон, олинг, – деди.
Гап уни нархида, арзон сўраш ёки тушиб беришида эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган ҳурмати таҳсинга сазовор!
Иккинчи минг йиллик мужаддиди номига сазовар бўлган буюк зот имом Раббоний айтадилар: "Ҳақ таоло Ўзига муҳаббатни Расулига эргашишга боғлаб қўйди.
«Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт».
(Оли Имрон сураси, 31-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир суннатлари замирида Ҳақ таолога муҳаббат бор!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш икки дунё саодатидир".
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғланса хурсанд бўлсак, у зотга ҳиқд қилинса қайғуга тушсак, демак иймонимиз комил экан.
Муаззинлар саййиди бўлмиш Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу Шомда яшар эди. У кишини ҳеч ким азон айтишга кўндира олмас, қанча илтимос қилишса ҳам азон айтмас эди. Чунки, азон айтса севикли зот алайҳиссалом эсига тушиб, қалби ўртаниб кўзлари ёшланар, гапира олмай қолар эди.
Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганида у ерликлар у зотдан Билол розияллоҳу анҳуга азон айтишини илтимос қилишди.
Билол розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу илтимосига йўқ демади.
Шомда ҳазрати Билол азони янгради. Атрофдаги саҳобийлар ва бошқалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаб йиғлай бошлашди.
Билол розияллоҳу анҳу "Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ" га келганда тўхтаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Атроф йиғига тўлди. Энг кўп йиғлаган халифа Умар розияллоҳу анҳу бўлди. Ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни доғида йиғлар эди...
Биз учун ота-онамиздан, фарзандларимиздан, ҳаттоки ўзимиздан ҳам севимли зот бор, у жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Аҳли илмлардан бирининг йиғлаб ўтирганини кўриб:
– Нима бўлди? – дея сўрадим.
– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч тушимда кўрмаганман. Наҳотки шунчалар қийматсиз бўлсам, ҳатто тушимда ҳам кўриш насиб қилмаяпти, – деди.
Бу - муҳаббат.
Ўғилларини сенсирайдиган, аммо набирасини сизлайдиган кимсадан бунинг сабабини сўрадим.
– Набирамнинг исми Муҳаммад. У зот алайҳиссаломга ҳурматсизликдан қўрқаман, – деди.
Бу – севги!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев