Ёхуд дунёдаги энг саховатпеша шахс ҳақида
Замонавий миллиардер қандай бўлиши керак? Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Бу борада дунёга машҳур бизнесмен, Duty Free Shoppers савдо тармоғининг асосчиси Чак Фини(Chuck Feeney) нинг ўз жавобим бор. 7,5 миллиард долларга эга бу инсонни қиммат ресторанлар, автомобиллар ёки кўчмас мулклар қизиқтирмайди. У кундалик ҳаётга мос оддий, бежирим кийимлар кияр, супермаркетга ўзи қатнар ва ҳаттоки арзон транспорт воситасидан фойдаланар экан. У яшайдиган хона ҳам жуда оддий. Жозибадор ва қимматбаҳо буюмлар ҳам унинг учун қизиқ эмас.
Энг қиммат либоси - камтаринлик
Агар хайрия ишларини инобатга олмасак, эҳтимол уни қурумсоқ дейиш мумкин эди. Гап шундаки Чак ўзининг миллиард маблағларини хайрия фондларига бериб, бутун дунёга “XX аср саховатпешаси” сифатида танилган. Маълумотларга кўра, у охирги 30 йил давомида хайрия учун 6 миллиард доллари сарфлаган. Бу маблағлар АҚШ, Ветнам, Австралия, Жанубий Африка, Ирландия каби мамлакатларда соғлиқни сақлаш, таълим, фан йўналишларини ривожлантириш, қариялар уйининг ёпилиб кетмаслиги учун сарфланган. Бу сахватпешалигини у янги йилда ҳам давом эттириб, яхши ишлар учун қолган пулларини ҳадя қилмоқчи. Пулни, ортиқча ҳашаматдан ўзини тия билган камтарин миллиардерни шон-шараф, мақтовлар ҳам қизиқтирмайди. Шунинг учун унинг хайрия ишларини қарийб ўн беш йил давомида ҳеч ким пайқамади ва ҳеч бир жойда айтилмади. Кейинчалик унинг бу қадар саховатпешалиги “Форбес” журнали орқали оммага маълум бўлгач ҳам Фини ўзи жуда сипо тута билди. Масалан, у 2012 йилгача атиги 5 мартагина ОАВга интервю берган холос.
Бизнес... ва хайрия
Фини ўзининг савдо фаолиятини энг кичкина савдо – америкалик ҳарбий-денгиз флоти мотросларига алкоголь маҳсулотларини сотиш бошлаган. Божлардан холи молларни у университетдаги ошнаси Роберт Миллер билан сайёҳларга сота бошлаган. Ўша вақтлари Duty Free доирасидаги ғояни ҳали ҳеч ким тушунмас эди. Бироқ шундай савдо фаолиятинини очиш учун эҳтиёж боргилини Фини ўша вақтдаёқ билади ва уни ташкил этишга муваффақ бўлади. 1960 йилларга бориб бизнес ғоя ўзининг ижобий натижаларини бера бошлайди. Унинг фаолияти йил сайин кенгайиб, дўконлари сони кўпая бошлайди. 1980 йилда Duty Free Shoppers дўкони фаолияти 27 мамлакатда пайдо бўлади ва умумий ҳисобда 200 нафарга яқин одам иш билан таъминланади. 1982 йилда у сирли равишда The Atlantic Philantropies фондини ташкил этиб, бевосита хайрия ишлари билан машғул булади. Бу фонд энг сирли хайрия фонди бўлиб қолади. 27 йиллик фаолияти давомида ўша фонд 4600 та лойиҳаларни молиялаштиради ва бунинг учун ,4 миллиард доллар сарфланади.
Ҳалигача хайрия ишларини жадал олиб бораётган Фини 2020 йилгача барча маблағини хайрияга сафарбар этган. Бироқ, у шунчаки пул тикадиган одам эмас. Таҳлилчиларнинг фикрича, миллиардер фақат ўзининг амалий ижобий натижасини бериши мумкин бўлган, ғаразли ва манфаатпарастликдан холи лойиҳаларгагина ҳомий бўлади. Тириклигидаёқ бу қадар хайрия қилган шахс сайёрамизда топилмаса керак, деб ўйлайди унинг фаолияти билан яхши таниш мутахассислар.
Саховатпешалик – касаллик эмас!
Дунёнинг энг йирик миллиардерлари Дэвид Рокфеллер ё Дональд Трамплар каби катта бойлик эгаси бўлган бу инсон нега ҳаммасидан воз кечиб оддий ҳаёт тарзини танлагани ҳаммага қизиқ, албатта. Яна бор молу мулкини ҳеч қандай ғараз, манфаатсиз, яширинча хайрияга сарф этиши бойиш илинжида ҳаётини ҳам аямайдиган кўплаб инсонлар учун ҳайратланарлидир. Ҳатто баъзилар учун бундай яшаш тарзи ақлга тўғри келмайди. Шу ўринда машҳур телесериал “Доктор Хаос”даги бир эпизод эсга тушди: шифохонага тушиб қолган бир бойвачча ўзининг миллионларини эҳтиёжмандларга хайр этганда, унинг чегарасиз саховатпешалигини доктор Хаос касаллик белгиси деб ҳисоблайди. Эҳтимол Финини кимлардик “касал миллиардер” деб ҳам айтгандир. Бироқ бу борада саховатпеша миллиардернинг ҳаётий фалсафаси бошқача.
“Бой бўлиб ўлган одам – уятли одам”
Аниқроқ айтганда, Чак Фини ўзини хатти-ҳаракатини “Giving While Living”, яъни “То ҳаёт экансан, бер” шиори билан изоҳлайди. Пулни хайр қилиш учун қариликни кутиш шарт эмас,яхшиси ҳозир энергияга тўлган ва ниманидир ўзгартиришга қодир вақтингда бу ишни қилишинг фойдалироқдир, деб изоҳ беради Фини. У 1835–1919 йилларда яшаб ўтган машҳур мултимиллиардер ва саховатпеша шахс Эндри Карнегининг “Инжил бойлиги” эссесини ўқиб таъсирланади. Карнеги ўзини ҳаёти мисолида бойларнинг ўз бойликларини фойдали тақсимлаш каби ўз масъулиятлари мавжудлигини исботлайди. Унинг “Бой бўлиб ўлган одам – уятли одам” деган машҳур ибораси ҳам бор. Бу гаплар табиийки Финига ҳам ижобий томондан таъсир этади. Унинг фикрича, энг муҳим омад – катта маблағ эгаси бўлиш эмас, балки ҳаётда бахтиёр ва соғлом оилани сақлаш ҳамда ёрдамга муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, уларни бахтиёр айлашдир. “Менга ҳеч қачон миллиардерлар ҳаёти ёқмаган...ёқимли таом, садоқатли дўстлар яхши ҳаёт учун етарли” дейди у.
Машҳур бизнесменлардан Билл Гейтс Чакни ҳаётда эзгулик қилиш учун ибрат олса арзирли шахс деб эътироф этган. Бу каби илиқ сўзларни миллионлаб инсонлар ҳам тасдиқлайди. Муҳими эса миллиардсиз миллиардернинг ўзи бу гапларга заррача берилмасдан, инсоний фазилатлари ила ҳаётда эзгулик ниҳолига “сув” қуйишдан чарчамайди.
БОБУР тайёрлади.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев