Ноқулай вазият. Ортиқча севгим,
Юрагим ҳадяси сиз учун малол.
Гарчи гуноҳлар ҳам эмасдир тенгим,
Аммо ишқ мен учун ҳалолдан ҳалол.
Индамай севаман. Қилмайман ҳам арз,
Лаб очсам бу ишқмас, миннат бўлади.
Меҳр-муҳаббатим ўзим учун фарз,
Индамай севганим суннат бўлади..
Асли билмай йўлим тўсади ғурур,
Қалбнинг очилгани айбмас, роз бўлар.
Ўчирмаса бу ўт ёнганча турур,
Қанча суйсам сизни шунча оз бўлар.
Бир қадам ташлайман. Сизни кутаман,
Умид ҳам, илинж ҳам ҳатто мубоҳмас.
Соғинчни қийнайман, ичга ютаман,
Бекитиб севиш ҳам, ахир, гуноҳмас.
Дилдан меҳр тошар, кўзларимдан чўғ,
Ўзимни йиғидан тияман аранг.
Сиз эса ҳали ҳам сезганингиз йўқ,
Билмоқчи бўлсангиз… кўзимга қаранг!
Ҳижрон ҳар сония олади қасдин,
Ҳар куни интизор сизни йўқлайман.
Дийдорнинг умиди қалбимга таскин,
Соғинчни бағримга босиб ухлайман.
Муҳаббат жон билан этилган ато,
Билмам, қайга бошлар бу кўнгил майли.
Сизнинг қалбингизга киришим хато,
Сиз менинг дилимга кирсангиз майли…
Кутаман. Бир куни йўллар туташар,
Ахир бораётган манзилимиз бир.
Кўнглим тўқ, руҳимиз дунёлар ошар,
Аллоҳ учраштирар бизни барибир!
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6
Сохиба опа ажойиб шеърингиз!