http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-42622580?ocid=wsuzbek.social.organic-post.ok.._.edit
Каримовнинг командасидаги айрим мулозимлар Президент томонидан коррупцияда баралла айбланмоқда ва "каламушлар" деб аталмоқда.
Мирзиёев ҳозирга қадар Ислом Каримовнинг ўзини шахсан танқид қилишдан тийилган.
Аммо афтидан, матбуотда Ислом Каримов шахсини танқид қилиш ёки у қабул қилган қарорларни савол остига олишга қўйилган тақиқ юмшаётган кўринади.
'Атрофидагилар адаштирган'
Янги йил арафасида ҳукумат нашрлари марҳум президент Ислом Каримов меъросига танқидий ёндашилган камида икки чиқишга ўрин берди.
20 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг "Правда Востока" рўзномасида Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Давлат котиби Раҳим Ражабовнинг мақоласи эълон қилинди.
Унда Ислом Каримовнинг талабалик дўсти ва кейинчалик ҳукуматдаги сафдоши бўлган бухоролик нафақахўр Раҳим Ражабов биринчи президентнинг хизматлари ҳақида батафсил гапирган.
Ва суҳбат ниҳоясида қуйидаги сўзларни айтган:
"У хатоларга йўл қўйганми? Камчилик ҳаммада бор, ҳар қандай одам, ким бўлишидан қатъий назар, адашади. Кўпинча уни атрофидагилар адаштиришган", - деб айтган Ўзбекистоннинг собиқ Давлат котиби Раҳим Ражабов.
Ислом Каримовнинг вафоти куни унга марсия бағишлаган Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо 30 декабр куни ЎзАда эълон қилинган мақоласида биринчи президентни нафақат эсламаган, балки Каримов номини тилга олмаган ҳолда, унинг даврида ижод аҳлига кўрсатилган муносабатни танқид қилган.
"Айтиш керак, орада адабиётга бўлган эътибор бироз сусайган вақтлар ҳам бўлди. Ҳатто, адабиёт кимга керак, деган ботиний саволлар берила бошланди. Қандай қайғули буни эслаш... Бас қилдим. У кунларни ҳозир эсламайлик, мавриди эмас", дейди шоир ва сенатор Иқбол Мирзо.
Айни пайтда у Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт ва ижод аҳлига муносабати ҳақида тўлқинланиб сўз юритади.
"Шавкат Мирзиёев кўп китоб ўқиган, асл китобхон. Шу боис адабиётни севади, ижодкорларни ҳурмат қилади, қадрлайди. Дастлаб ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ташкил этилиши тимсолида бу меҳрни ҳис қилганмиз...Кейинчалик Бош вазир бўлган пайтларида ҳам ижодкорлар ҳақида кўп қайғурди. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Эркин Воҳидов (руҳи шод бўлсин) бетоб бўлиб ётганида Шавкат Мирзиёев ҳол сўраб борган, шоирнинг кўнглини кўтарадиган яхши гаплар айтган. Эркин аканинг соғлиғини шахсан ўзлари назорат қилиб турган. Ижодкорга бўлган ғоят таҳсинли эътибор эди бу", - дейди Халқ шоири.
Ноодатий танқидчи
Каримовнинг собиқ матбуот котиби Азамат Зиёнинг шу кунларда Фэйсбукдаги саҳифасида эълон қилган "Умид ва қўрқувдан ишонч ва рақобат сари" деб номланган мақоласи кўпчилик ўқувчиларнинг ҳайратларига сабаб бўлган.
Ҳеч қачон очиқ ёки танқидий қарашлари билан ажралиб турмаган собиқ мулозим ва тарихчи гарчи Каримов номини тилга олмаса ҳам, яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолар инқирозга олиб келиши муқаррар эди, деган фикрни илгари суради.
"Иқтисодий кўрсаткичлардаги алдамчилик усиз яшай ва ривожланолмайдиган тармоқларда ҳам акс садо бериши табиий эди. Шунинг учун ҳам тиббиётда Европа мамлакатларидан ҳам «ўзиб кетдик», демократияда бутун дунёга «ибрат бўлдик», Алишер Навоийни улуғладик, у жон куйдирган тилни ўз ҳолига ташлаб қўйдик, журналист дадил бўлсин, дедик, муҳаррирни эса ҳалим қилдик, инновациялар заруратини тан олдик, аммо илм-фан тизимини тубдан ўзгартиришдан қочдик, ўзи етиштирган ҳосилини ўзи сотолмаслигини олдиндан билган бобо деҳқонни ҳақиқий ер эгаси, меҳнат тери билан топган фойдасини банкдан ололмайдиган, олганда ҳам уч-тўрт танга беришга мажбур тадбиркорни ҳақиқий мулкдор қилмоқчи бўлдик", - дея фикр юритади Каримовнинг собиқ матбуот котиби.
Унинг фикрича, "қўрқоқни ботир, ялқовни ғайратли, билимлини ақлли, ночорни ижодкор, умумлаштирганда эса одамни шахс, оломонни миллат этувчи улкан куч - ҳар бир банданинг ички «мен»и топталгани учун шундай бўлди".
"Оқибатда, - деб ёзади Азамат Зиё, - қаҳрамон шоиру деҳқони, серунвон олиму уламосидан тортиб оддий (?) фуқаросигача бирдек бандалигича қолаверди. Негаки, бўйнидан боғланган жонивор овга ярамаганидек, табиий, ақлий қудрати нечоғлик улкан бўлмасин, «мен»и кишанланган инсон ва жамият ҳам улуғ ишлар у ёқда турсин, ҳатто ўз аравасини тортишни эплай олмайди!».
'Айбсиз Парвардигор'
Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесининг асосий информацион дастури бўлган "Ахборот"да фаолият олиб борган таниқли журналист ва Олий Мажлиснинг собиқ депутати Муҳаммаджон Обидов Ислом Каримов ҳақида мана бундай фикр юритади:
"Албатта, айбсиз Парвардигор деганларидек, Ислом акада ҳам камчиликлар бўлган ва у хатто мамлакат тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Мен айрим давлатлар ютуғини самимий қабул қилмаслик, давлат раҳбарларини менсимаслик каби ўзим кўрган ва билган ҳолатларни назарда тутяпман. Аммо булар ва яна бошқа ҳолатлар ҳакида жар солиш шартми?. У нима беради? Менимча, биз ҳозир Каримов йўл қўйган камчиликлар ҳақида эмас, балки унинг оқибатини бартараф этиш чоралари ҳақида ўйлашимиз ва гапиришимиз тўғри бўлади, деб ўйлайман.Чунки Ислом ака халқи учун бир мамлакат Президенти қилиши мумкин бўлган тарихий хизматни қилиб қўйган.
Аммо афсуски, ҳаёт мен ўйлагандек йўлдан юрмайди. Надоматлар бўлсинки, Ислом акани очиқ танқид қилиш бошланиб кетади...
Қизиғи шундаки, матбуотга бу ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилгани йўқ. Асосий мўлжал энг юқори минбардан айтилаётган гаплар бўлаяпти. Менимча, унинг оҳанги яқин орада юмшамайди. Эсланг, бир пайтлар ... Яхшиси, буни айтмай", - дейди журналист Би-би-си билан суҳбатда.
'Сабабчиси айтилмайди'
Ўзбек журналистларидан бирининг айтишича, юқоридаги изҳоротларга жорий Президентнинг ўз салафи меросини танқид қилаётгани туртки берган бўлиши мумкин, аммо умумият-ла Каримов шахсига тегиниш ҳануз табу ҳисобланади.
"Каримовни ёмонлаб материал беролмаслигимиз аниқ", - дейди Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрлардан бирининг журналисти.
Унинг фикрича, Каримов шахси ва мероси танқидий таҳлил қилинган материаллар бор, аммо "уларни берсак, лицензиямиз олинади. Албатта, бошқа сабаб кўрсатилади", - дейди тошкентлик журналист.
Давлат телеканалларидан бирининг журналистига кўра, ЎзТВда цензура сақланиб қолмоқда, аммо Каримов даврига нисбатан "анча эркинлик бор".
"100 фоиз бўлмаса ҳам, 98 фоиз ижтимоий мавзудаги танқидларни ўтказиш мумкин", - дейди журналист.
Аммо унинг сўзларига кўра, "камчиликлар айтиляпти, бироқ уларнинг сабабчиси ким экани ҳақида гапирилмаяпти".
Давлат телевидениеси журналистнинг айтишича, Каримовни танқид қилиш мумкин ё мумнкимас, деган кўрсатма йўқ.
"Журналистлар Каримов даврида ҳам инстинкт билан ишлашарди, ҳозир ҳам шундай".
Унга кўра, "ким ҳақида нима деб ёзиш ва қандай ёзиш ҳақида ҳамма қатъий фикрга эга".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002
https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-68989788 Яна нима гап?
...https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-68989788 Яна янги саволлар ўртага чиқди...
https://www.bbc.com/uzbek/central-asia-68930236 Тафсилотлари илова қилинган линкимизда.
https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-68945413 Тафсилотлари илова қилинган линкимизда.
https://www.bbc.com/uzbek/world-68975778 Тафсилотлари илова қилинган линкимизда.
https://www.bbc.com/uzbek/world-68975778 Тафсилотлари илова қилинган линкимизда
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 15