Мени йиғламайди дея сизга ким айтди,
Ким кириб чиқибди менинг теримга.
Қўйинг, билиб туриб яна мих қоқманг,
Ҳаммадан ҳам кўпроқ оғрир еримга.
Мени йиғламайди дея сизга ким айтди,
Кўнглимдан тошларни терганлар борми?
Тўғриси, шу сўнги кунлар ичида,
Йиғламай юрганим кўрганлар борми?
Мен ҳам иссиқ жонман, менда ҳам қалб бор,
Ўйламанг, дардлардан дийдаси қотган.
Уйимда биронта бурчак қолмаган,
Мен бориб беркиниб, йиғламай ётган!
Шу ҳам гап бўлдими,
Мен ҳам аёлман,
Йиғламаган аёл қандай бўлади.
Бир кун йиғламасам, эртаси албат,
Чўкиб ўлди деган ҳабар келади!
Мени йиғламайди дея сизга ким айтди,
Тилкаланган тунлар бўлсин гувоҳим.
Ҳаммани ясашга лой қорган пайти,
Бардошдан ясаган мени Аллоҳим!