Қуръонда қуйидаги рангларнинг номи зикр қилинган: сариқ, оқ, қора, яшил, кўк (мовий), қизил, қирмизи (қизғиш), тўқ яшил.
● Сариқ ранг. Қуръондаги тартиби бўйича бу ранг биринчи бўлиб зикр қилинган. У 5 марта, 5 та оятда қуйидаги маънолардан бирини ифодалаб келган:
1. Хурсанд қилиш.
إِنَّهَا بَقَرَةٌ صَفْرَاءُ فَاقِعٌ لَوْنُهَا تَسُرُّ النَّاظِرِينَ
“У, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигирдир”. (“Бақара” сураси, 69-оят).
2. Бузиш, вайрон қилиш.
وَلَئِنْ أَرْسَلْنَا رِيحًا فَرَأَوْهُ مُصْفَرًّا
“Агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайган (қуриб қолган) ҳолда кўрсалар…” (“Рум” сураси, 51-оят).
3. Йўқ бўлиш, қуриб қолиш.
كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَكُونُ حُطَامًا
“(Дунё ҳаётининг мисоли) худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайди. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетади”. (“Ҳадид” сураси, 20-оят).
● Оқ – Қуръонда зикр қилинган иккинчи ранг. У 12 та оятда 12 марта келган. Бу ранг Қуръонда қуйидаги нарсалардан бирига далолат қилади:
1. Ёруғлик, қуёш нури, бомдод ва тонг вақти.
حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ
“(Рамазон ойи давомида) тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча (еб-ичаверинг)” . (“Бақара” сураси, 187-оят).
2. Жаннат аҳлининг юзи.
وَأَمَّا الَّذِينَ ابْيَضَّتْ وُجُوهُهُمْ فَفِي رَحْمَةِ اللهِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
“Юзлари оқ бўлганлар эса, бас, Аллоҳнинг раҳматидадирлар. Улар унда (жаннатда) абадий қолурлар”. (“Оли Имрон” сураси, 107-оят).
3. Қаттиқ қайғу натижасида кўзда пайдо бўлган касаллик.
وَتَوَلَّى عَنْهُمْ وَقَالَ يَا أَسَفَى عَلَى يُوسُفَ وَابْيَضَّتْ عَيْنَاهُ مِنَ الْحُزْنِ فَهُوَ كَظِيمٌ
“Кейин (Яъқуб) улардан юз ўгириб, деди: “Эй бечора Юсуф-а!” Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди)”. (“Юсуф” сураси, 84-оят).
4. Мусо алайҳиссаломга берилган мўъжиза.
وَنَزَعَ يَدَهُ فَإِذَا هِيَ بَيْضَاءُ لِلنَّاظِرِينَ
“Ва қўлини чиқарган эди... бирдан у қараб турган кишиларга оппоқ бўлиб кўринди”. (“Аъроф” сураси, 108-оят).
5. Тоғлар орасидаги йўл ранги.
وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ بِيضٌ وَحُمْرٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهَا وَغَرَابِيبُ سُودٌ
“… Тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик”. (“Фотир” сураси, 27-оят).
6. Жаннат аҳлининг ичимлиги ранги.
يُطَافُ عَلَيْهِمْ بِكَأْسٍ مِنْ مَعِينٍ (٤٥) بَيْضَاءَ لَذَّةٍ لِلشَّارِبِينَ
“Уларга оқар чашмадан қадаҳлар айлантириб турилур. У оппоқ, ичгувчига лаззатбахшдир”. (“Вас-соффат” сураси, 45-46-оятлар).
● Қора – Қуръонда зикр қилинган учинчи ранг, 7 та оятда 8 марта келган. Бу ранг Қуръонда қуйидаги нарсалардан бирига далолат қилади:
1. Тун қоронғулиги.
حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ
“(Рамазон ойи давомида) тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча (еб-ичаверинг)”. (“Бақара” сураси, 187-оят).
2. Дўзах аҳлининг юзи.
يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ فَأَمَّا الَّذِينَ اسْوَدَّتْ وُجُوهُهُمْ أَكَفَرْتُمْ بَعْدَ إِيمَانِكُمْ فَذُوقُوا الْعَذَابَ بِمَا كُنْتُمْ تَكْفُرُونَ
“Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда юзлари қора бўлганларга: “Иймонингиздан кейин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг”, дейилур”. (“Оли Имрон” сураси, 106-оят).
3. Ғам-қайғу, хафалик.
وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالأنْثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ
“Қачонки улардан бирига қиз (туғилгани) хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур”. (“Наҳл” сураси, 58-оят).
4. Йўқ бўлиш, қуриб қолиш.
وَالَّذِي أَخْرَجَ الْمَرْعَى (٤)فَجَعَلَهُ غُثَاءً أَحْوَى
“У ўт-ўланни чиқарган зотдир. Бас, У уни қорайган хашак қилган зотдир”. (“Аъло” сураси, 4-5-оятлар).
5. Баъзи тоғларнинг ранги.
وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ بِيضٌ وَحُمْرٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهَا وَغَرَابِيبُ سُودٌ
“… Тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик”. (“Фотир” сураси, 27-оят).
● Яшил – Қуръонда зикри келган тўртинчи ранг. 8 марта, қуйидаги маъноларни ифодалаб келган:
1. Дарахт, экин ва ёмғирдан кейинги ер ранги:
إِنِّي أَرَى سَبْعَ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعَ سُنْبُلاتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ
“Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман”. (“Юсуф” сураси, 43-оят).
2. Жаннат аҳлининг кийимлари ранги.
عَالِيَهُمْ ثِيَابُ سُنْدُسٍ خُضْرٌ وَإِسْتَبْرَقٌ
“Уларнинг устиларида яшил сундусдан (юпқа ипакдан) ва истабрақдан (қалин ипакдан) кийимлар бор”. (“Инсон” сураси, 21-оят).
3. Жаннатдаги болиш(ёстиқ)ларнинг ёпинчиқлари ранги.
مُتَّكِئِينَ عَلَى رَفْرَفٍ خُضْرٍ وَعَبْقَرِيٍّ حِسَانٍ
“(Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўтирурлар)”. (“Ар-Роҳман” сураси, 76-оят).
● Кўк (мовий) – Қуръонда қайд этилган бешинчи ранг. У бир марта, “Тоҳа” сурасида, Қиёмат кунидаги қўрқувдан кофирларнинг даҳшатга тушган юзларию кўзларини тасвирлаб келган:
يَوْمَ يُنْفَخُ فِي الصُّورِ وَنَحْشُرُ الْمُجْرِمِينَ يَوْمَئِذٍ زُرْقًا
“У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида тўплармиз”. (“Тоҳа” сураси, 102-оят).
● Қизил – Қуръонда зикр қилинган олтинчи ранг. У билан тоғларнинг ўртасидаги йўллар ва дарахт меваларининг ранги ифодаланган:
وَمِنَ الْجِبَالِ جُدَدٌ بِيضٌ وَحُمْرٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهَا وَغَرَابِيبُ سُودٌ
“… Тоғлардан ҳам йўл-йўл, оқ ҳамда қизилнинг турли рангларини ва қоп-қораларини чиқардик”. (“Фотир” сураси, 27-оят).
● Қирмизи (қизғиш) ранг – Қуръонда еттинчи бўлиб зикр қилинган. У бир марта келган. Қиёмат куни осмоннинг ёрилиши шу рангда бўлиши айтилган:
فَإِذَا انْشَقَّتِ السَّمَاءُ فَكَانَتْ وَرْدَةً كَالدِّهَانِ
“Осмон ёрилиб, қирмизи мойга айланган вақтда...” (“Ар-Роҳман” сураси, 37-оят).
● Тўқ яшил ранг – Қуръонда қайд этилган саккизинчи ранг. Бир марта, “Ар-Роҳман” сурасида зикр қилинган, жаннатдаги қалин дарахтзорлар рангини ифодалб келган:
مُدْهَامَّتَانِ
“У иккиси (икки жаннат) ям-яшилдир”. (“Ар-Роҳман” сураси, 64-оят).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев