Ҳинд шоирин таърифича ёр,
Қадам босар филлар мисоли.
Арабларда бундан зўри бор,
Ёр бармоғи қуртнинг тимсоли,
Шеър бошладим улар тилидан,
Ҳинд ва араб илҳомин тутдим.
Қаламини олиб қўлидан,
Кўзи билан қарадим, битдим.
Ўтиб борар филсифат санам,
Ким экан, деб дилда сўроқлар,
Ўшқирсаки, титрайди танам,
Қуртдек қимирлайди бармоқлар...
Кулгисидан пуркалади сув,
Ирғитворар тўссам, йўлини,
Ўнта қуртни тутқазди сулув,
Сўрагандим битта қўлини!
Ҳиндми ёки арабми, бари,
Ижодкорга осон тутмаймиз,
Феъли чатоқ ўзбек дилбари,
Сизга бундай шеърни битмаймиз!
Ҳар кимники ойдир ўзига,
Шиллиқ қурту ё филим десин.
Марди бўлса, қараб кўзига,
Ўзбекчалаб СЕВГИЛИМ десин.