Эй мусофир юртларда юрган,
Ёт кимларга бош эгиб турган.
Суратингла сухбатлар қурган,
Зор Онангни соғинмадингми?
Йиллар ўта олмадинг хабар,
Бўлиб бўлдинг бегона қадар.
Сенсизликдан хушсиз дарбадар,
Хор Онангни соғинмадингми?
Куйган кўкси орзулар қабри,
Тугаб борар умри хам сабри.
Соғинч номли аёвсиз жабри,
Бор Онангни соғинмадингми?
Билсанг беш кун дунё қиёси,
Кимда зулмат, кимда зиёси.
Саксон ёшда сарсон дунёси,
Тор Онангни соғинмадингми?
Тамоғидан ўтмай нон, оши,
Бағрин эзиб аламлар тоши.
Ажин юзли, қадди дол, боши,
Қор Онангни соғинмадингми?
Қурса ойда бир қоқмадинг сим,
Қайтмаяпсан, қўлинг тутди ким.
Чапонингни қучиб йиғлар жим,
Ёр, Онангни соғинмадингми?