Ўлмай туриб ажалин тилаб,
Қабрига зор бўлмасин аёл,
Қорни эмас, қадрига йиғлаб,
Меҳрга зор бўлмасин аёл.
Бўлмаса ҳам тунар макони,
Қийналсада муштипар жони,
Шукридадир, бир бурда нони.
Меҳрга зор бўлмасин аёл.
Бедор тунлар аламин тутиб,
Ёр йўлини интизор кутиб,
Тўшагида қора қон ютиб.
Меҳрга зор бўлмасин аёл.
Ҳувилласа ҳайҳотдай юрак,
Унга бир оз эътибор керак,
Армони йўқ севгидан бўлак.
Меҳрга зор бўлмасин аёл.
Асал, қандинг у учун оғу,
Кўринади қасринг қаронғу.
Бойлигинга тупуради у.
Меҳрга зор бўлмасин аёл.
Давлат асли - аёлнинг боши,
Роҳат асли-аёлнинг боши,
Тўкилмасин кўзида ёши.
Меҳрга зор бўлмасин аёл.
👑 Ђ ε κ 👑