Ҳовлимизга жаннат бўйин таратган,
Саболарга ифор тутган, яйратган,
Кўкдан ойу офтобни ҳам қаратган,
Борлиғида малакларми ниҳонлар,
Ризвон экан онам эккан райҳонлар.
Капалаклар аримасди қошидан,
Боларилар кетолмади бошидан,
Унганмиди онамнинг бардошидан,
Оҳ, кафтдаги жаннат дерди, гирёнлар,
Эҳсон экан онам эккан райҳонлар.
Гарчи гул кўп бу оламда ифорли,
Қўл чўзсанг гар, озорлигу тиконли,
Тароватли, муслим каби иймонли,
Уни кўкдан туширмишми ғилмонлар,
Жаҳон экан онам эккан райҳонлар.
Ҳар тонг туриб сийпарди гул юзларин,
Эркалаган она каби қизларин,
Сирдош билиб айтганми дард, сўзларин,
Ўша чоғлар нени қилмиш баёнлар,
Достон экан онам эккан райҳонлар.