У - ўша, ўтмишинг ёдинга солиб,
Яна тутқинликка асира этган.
Мен - ўша, ўтмишдан қайтариб олиб,
Сен билан умидли манзилга етган.
У - ўша, дилида қора ният жо,
Бунча хуш кўрмаса қайғуларингни.
Мен - ўша, ҳаётда бор эканман то,
Ўйинчоқ қилмайди туйғуларингни.
У - ўша, ҳа сени кўролмайдиган,
Қилмиши йўлинга қўйишдир тузоқ.
Мен - ўша, жим қараб туролмайдиган,
Йўқ асло ёнингдан кетмайман узоқ.
У - ўша, борингдан йўғингни афзал,
Кўргувчи не керак индама кетсин.
Мен - ўша, қўлларим дуода ҳар гал,
Аллоҳим умрингни зиёда этсин.
З.О