То тирик экансан: кураш, ишла, ён !
То тирик экансан: сев, севил, қувон !
То тирик экансан: изла, қидир, топ !
То тирик экансан: интил, юксал, чоп !
То тирик экансан: одамдай йиғлаб,
Одамдай севиниб қайғуриб яша !
Севдингми, ёрингни дадил қўлтиқлаб,
Одамли кўчадан одиминг ташла !
Дард – алам ўтганда ошкор ёш тўкиб,
Қувонсанг ошкора хандон солиб кул !
Душманинг қаддини бешавқат букиб,
Дўстингга тутабил даста – даста гул !
Дўстларинг қўл сиқиб, нурга чўмганда
Қалб тафтинг кафтида ловиллаб қолсин.
Вақт етиб кўзингни мангу юмганда
Сен юрган кўчалар ҳувиллаб қолсин !