Ё Саййидим, ё Расул, минг бор сўрарман узр, Хато қилар қаламим, Сизга беролмас таъбир. Сизга икром, эҳтиром етук қила олмадим, Умматлик даъво қилиб, лойиқ бўла олмадим. Зулуматни ёритиб, тонгдек иқбол қилдингиз, Чақириб ҳақ йўлига, барчани тенг билдингиз. Чеҳрангизда ҳақ нури балқиб туради доим, Қўлингизда адолат, ҳақ байроғи бор, қоим. Муҳаббат қўйиб сизга, ошиқ бўлишди қалблар, Номингиз тилга олиб, ёш тўкишди орифлар. Сиз Аллоҳнинг Расули, ҳабибимсиз Мустафо, Оламлар Роббисининг маҳбубисиз, Мужтабо. Икки олам сарвари, башарнинг саййидисиз, Борлиқ, бутун оламга раҳмат олиб келдингиз. Саловат, салом йўллаб сизга айлайин таъзим, Қиёмат кун қўлимдан тутинг, азиз Устозим!