Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.
Ҳар қандай замон ва маконларда инсонларни икки дунё бахт-саодатига чорловчи ҳамда қиёматгача боқий қолувчи дин – бу Ислом динидир. Шундай экан ҳаётнинг ҳар қандай соҳаси ва унда содир этилажак ҳар қандай воқеа ва ҳодисалар шариатнинг назаридан четда қолмаслиги керак. Шу билан бирга шариат воқеликда содир этилажак барча муаммоларни ечимини тўғри ва рўй-рост ҳолатда ечишга қодирдир. Ва албатта, мазкур муаммоларнинг ечимини топишда ёки инсонларни бирор ишга таклиф қилишда уларни тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди. Шунинг учун ҳам асли ман этилган баъзи бир ишларга, зарурат бўлганда рухсат берилади. Мазкур масала «заруратлар маҳзуротларни мубоҳ қилади» деган фиқҳий қоидада ўз ифодасини топган. Инсон жамоа бўлиб яшар экан, гоҳида ана шундай заруратларга дучор бўлади. Агар ўша пайтда ҳеч қандай шаръий ечим бўлмаса, ман этилган ишни қилса гуноҳкор бўлсада, содир этишга мажбур бўлади. Мазкур ҳолатларни эътиборга олган шариат ман этилган ишлардан баъзи ҳолатларни мустасно қилади. Маслан: Ёлғон гапириш мутлоқ ҳаром. Лекин, шундай шарт-шароитлар бўладики, инсон ёлғон ишлатишга мажбур бўлади.
Қолаверса, баъзи ўринларда ростдан кўра ёлғон кўпроқ муаммонинг ечими бўла олади. Ва албатта мазкур ўринлар инсонлар тарафидан белгиланмай, балки, шариат қонун-қоидаларига мувофиқ ҳолатдагина рухсат берилади. Агар инсонларнинг ўзига қўйиб берса, ўзларининг шахсий манфаатлари, ғаразлари ва мақсадларига эришиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон ишлатишга ўтадилар. Агар шариат ёлғоннинг чегарасини қатъий белгилаб қўймаса ва у чегарани бузганларга керакли чораларни қўлламаса, инсонлар ўз ақллари, урф-одат ва билимларига суяниб, ёлғон ишлатишни ҳар қандай турларига йўл очиб оладилар.
Шу ўринда яна таъкидлаб ўтамизки, қуйида ёлғон ишлатишга берилган рухсат, бошқа ёлғонларни ишлатиш эшикларини очиб бермаслиги керак.
Маймун ибн Меҳрон: Баъзи ўринларда ёлғон ростгўйликдан кўра яхшироқдир. Масалан: Бир киши қилични кўтариб, фалончини ўлдириш учун таъқиб қилаяпти. Шунда қочаётган одам сени уйингга кириб яширинди, қуваётган киши эса келиб, сендан «фалончини кўрмадингми?» деб сўраса, шунда сен албатта «кўрмадим» деб ёлғон гапирасан. Ва шундай демоқлигинг вожибдир. Акс ҳолда қотиллик содир этилади.
Имом Ғаззолий: сўз мақсадларга эришиш учун василадир. Агар мақсад мақталган бўлса, ва унга ростгўйлик ва ёлғон билан ҳам эришиш мумкин бўлса, ёлғон гапирмоқлик ҳаромдир. Агар фақатгина ёлғон билан эришиш мумкин ва бошқа чораси йўқ бўлса, ёлғон гапирмоқлик мубоҳдир. Ва бунда мақсаднинг мубоҳ ва вожиблиги ҳам эътиборга олинади. Худди мусулмоннинг қонини сақлаш каби, агар ростгўйлик ила унинг қони тўкилиши аниқ бўлса, золимнинг қўлидан уни қутқариш учун ёлғон гапириш вожибдир. Агар ҳарбий мақсадлар ва икки кишининг ўртасини ислоҳ қилишлик учун фақатгина ёлғон билан эришиш мумкин бўлса, унда ёлғон гапириш мубоҳ бўлади, акс ҳолда ундан сақланиш керак. Чунки ёлғондан бир эшик очилса, бошқа эшикларни ҳам очилиши хавфи бор. Инсоннинг табиати эса доимо енгилликни хоҳлайди. Бир оз машаққатли бўлса-да ростгўйлик билан эришиш мумкин бўлган мақсадларга, енгиллик билан эришиш учун ёлғон гапиришга одатланади. Аслида эса ёлғон заруратдан ташқари ҳолатда ҳаромдир.
Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи маккаликлардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб-ёлғончи эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан. «Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Фақат уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг хотинига ва хотиннинг эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
Мазкур уч ҳолатда ёлғон гапиришга рухсат берилганлиги барчага аёндир. Лекин шуларнинг маъносидаги бошқа ҳолатлар ҳам борки, у ерда ҳам ёлғон ишлатишга рухсат берилади. Маслан: Золим ёки қароқчи бир кишини талон-тарож қилаётиб молини, бойлигини қаерга яширганлигини сўраса, ёлғон гапириши мумкин. Ёки Подшоҳ бир кишидан у билан Аллоҳнинг ўртасидагина маълум бўлган фахш ҳақида сўраса, ёлғон гапириши мумкин. Яъни зино қилганим йўқ, ўғирлик қилганим йўқ деганга ўхшаш. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Аллоҳ таоло қайтарган ёмонликлардан сақланинглар. Бас, кимки уларни бирортасини содир этса, Аллоҳнинг сатри ила сатрлансин», деганлар.
Чунки у Аллоҳ билан ўзининг ўртасида маълум бўлган фахш ишларни изҳор қилса, унинг кетидан бир қанча фахшлар юзага чиқиш хавфи бор. Шунинг учун ҳам сатр қилинган гуноҳлар ўша ҳолида қолиб кетгани яхши. Қолаверса ҳар бир инсон ўз жони, моли ва обрўсини тилининг учида бўлса ҳам ёлғон гапириб, сақлаши лозимдир.
Бошқаларнинг сири тўғрисида ҳам худди шу ҳукм ижро қилинади. Яъни сўраган одамга бошқаларнинг сири ошкор қилинмайди.
Гапни буриб гапириш
Гапни буриб гапириш, яъни, киши оғир ҳолга тушиб қолганида сиртидан бошқа, ичида бошқа маъно берадиган гапни айтиб, очиқ-ойдин ёлғон гапирмай қутулиб кетишга рухсат бор. Мазкур ҳолат ҳам зоҳиран ёлғон гапиришга ўхшаганлиги учун бу тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўринда келтиришни лойиқ деб топдик. Лекин мазкур ҳолат кўпроқ аҳли илмларнинг ўртасида содир этилади ва бу ҳолатни кўрган оддий инсонлар масаланинг ҳақиқатини билмаганликлари туфайли, аҳли илмларга нисбатан «ёлғончи ёки домлалар ўзлари айтганларига ўзлари амал қилмайди» деб баҳо беришади. Шунинг учун ҳам мазкур ҳолатни келтириб ўтишни лозим топдик.
عن عمران بن الحصين رضي الله عنه قال: إن في المعارض لمندوحة عن الكذب.
رواه ابن عدي والبهقي
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, гапни буриб гапиришда ёлғондан қочиш майдони бордир», - дедилар».
Ибн Адий ва Байҳақий ривоят қилишган.
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг омили эди (закот ва ҳар хил садақотларни йиғиб келувчи). Хизматдан қайтганида хотини унга: «омиллар ўз аҳлига олиб келадиган нарсаларда бирор нарса олиб келдингми?» деди.
У эса ҳеч нарса олиб келмаган эди. Шунда: «ёнимда кузатувчи бор эди» деди.
Хотини эса: «Расулуллоҳ ва Абу Бакрнинг ҳузурларида амин эдинг-ку. Ва Умар сенга кузатувчини қўшиб юбордими?» деди. Ва Умар розияллоҳу анҳуга бу ҳақида шикоят қилди. Бас, Умар розияллоҳу анҳу Муъоз розияллоҳу анҳуни чақиртирди. Ва: «сен билан кузатувчини қўшиб юбордимми?» деди.
У эса: Аёлимнинг саволига бирор узр тополмасдан, шундай дейишга мажбур бўлдим» деди.
Умар розияллоҳу анҳу: кулдилар-да, унга бир нарса берди. Ва: «бу билан аёлингни рози қил», дедилар.
Ушбу ҳикояда Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу «ёнимда кузатувчи бор эди» деганларида Аллоҳ таолони назарда тутган эди. Бу эса гапни буриб гапиришга далил бўлади.
Ислом оламида Қуръони Каримни «махлуқ» дейиш фитнаси чиққанда, халифа ҳаммани бу гапни айтишга мажбур қилишга ўтган.
Навбат имом Шофеъийга келганда у киши: «Албатта, мана булар махлуқдирлар», деб тўрт панжаларини кўрсатганлар.
Тафтишчилар, ўзларича, тўрт илоҳий китоб: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон махлуқ, деб айтилганини тушунганлар. Имом Шофеъий бўлсалар, тўрт панжани ирода қилганлар.
Ўзининг золимлиги билан донг таратган Ҳажжож саҳобаларнинг бирларидан: «Мен ҳақимда нима дейсан?» деб сўраган. Шунда у киши: «Сен қоситсан», деган.
Араб тилида «қосит» сўзининг икки қарама-қарши маъноси бор. Бу сўз ҳам «одил», ҳам «жабр қилувчи» маъноларини билдиради.
Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳажжожга, «Сен қоситсан» деганида ўша ерда турганлар унга: «Сени мадҳ этди», дейишган. Аммо Ҳажжожнинг ўзи: «Йўқ, у мени жабр қилувчи демоқда», деган.
Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жоме масжиди
имом-хатиби
Манба:
http://ummat.uz/index.php/bosh-sahifa/maqolalar/item/472-yolgonga-ruxsat-berilgan-orinlar
#UmmatUz
Нет комментариев