(а.с.) қиссаси.
Аллоҳ таоло ер юзидаги жамики инсоният учун сабрда юксак намуна бўлган расули Айюб (а.с.) ни Шомдаги Хоррон қавмига пайғамбар қилиб юборди. Айюб ибн Мус ибн Розих ибн Ъис ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломдир. Бир киши Аллоҳдан нимаики
сўраши мумкин бўлган бўлса, у зотга барини мукаммал ҳолда берган эди. Хушбичим жусса, чиройли чеҳрали, мол-дунёси ва ерлари ниҳоятда кўп бўлган, қўл остида қуллари мўл, дўст- биродарлари ҳам жуда кўп, етти ўғил ва етти қизлари бўлган ва шу билан бирга у зот пайғамбар эдилар.
Ривоятларда айтилишича, шайтони лаин Аллоҳ таолога шундай дебди:
«Агар мени Айюб каби эркалатиб қўйганингда эди, мен ҳам Сенга у каби кўп бора шукрона айтган бўлардим».
Аллоҳ таоло унга жавобан айтди-ки:
“Эй лаъин, бу нарсаларни олиб қўйсам ҳам шукр қилаверади у бандам…”
Аллоҳ таоло Айюб (а.с.)нинг қўлидаги барча мол- дунёсини олиб қўйди, бирин- кетин етти ўғил ва етти қизи ҳам кўз ўнгида вафот этди (ўша пайтдаги кайфиятини ёлғиз Аллоҳ билади), бир лаҳзада барисидан айрилди.
Битта фарзанди вафот этса ота-она фарзанд доғидан оғир
мусибатга тушиб қоладилар. Биргина фарзанди йўқолиб қолгани учун эса Яқуб (а.с.) тинмай қайғу кўз ёши тўкканлари, охир-оқибатда кўзлари кўр бўлиб қолганлиги ҳақида ривоятларда эшитганмиз. Айюб (а.с.) бир вақтнинг ўзида ўн тўрт жигарбандидан ажради.
Айюб (а.с.) бу жудоликдан қайғурмадилар. Яна булар ортидан Аллоҳ таоло шундай бир дард юбордики, бу касалликдан у киши юролмай ҳам қолдилар. Касаллик у зотнинг муборак таналарида шу қадар тез ривожландики, териларидан қип-қизил гўштлари ажраб тушиб кетадиган ҳолга келиб қолди. Айюб (а.с.) мол- дунёсидан айрилганда рози бўлди, фарзандларидан айрилганда рози бўлди, соғлигини ҳам олиб қўйганда рози бўлдилар. Кетма-кет келган бу мусибатни у зот бирор кимга шикоят қилиб бир оғиз ҳам гапирмадилар. Аҳвол шу даражага бориб етдики, барча дўст- биродарлари улардан юз ўгирди. Бор йўғи бир-икки дўстлари бўлган, улар ҳам Айюб (а.с.)нинг касалликлари юқиб қолишидан қўрқиб узоқдан туриб гаплашганлар. Бора- бора улар ҳам келмай қўйишган.
Атрофимизда рўй бераётган ҳодиса ёки фильмларда, дунёда рўй бераётган хабарларда тез-тез эшитиб қоламиз, бирор киши «Сен ишдан ҳайдалдинг» деган гапни эшитиши ҳамоно бу гапни кўтаролмай, гўёки оғир жудоликка кўмилиб қолгандай ташқарига чиқиб ўзини ўнинчи қаватдан ташлаб юборади. Ёки бўлмаса фирмаси банкрот бўлганда қаттиқ тушкун ҳолатда ўзини бошқаролмай, ўзини осиб қўяётганлар, ўз жонига қасд қилаётганлар ҳақида ҳам кўп эшитиб қоламиз. Бунинг гувоҳи бўлганлар ҳам орамизда бир талай.
Астағфируллоҳ! Бу ниманинг белгиси? Пули, фирмасига сиғинганининг
белгисимасми? “Эй калтафаҳм банда, пулингдан айрилган бўлсанг, бошинг танангда, соғлигинг жойида бўлса, шукр қилмайсанми?” дегинг келади.
Мол-дунё ва пул васвасаси бутун ақли дунёсини эгаллаб олгани учун ҳам ўша кимсалар Аллоҳ уларга азиз неъмат қилиб берган ширин жонига ҳам бир сонияда тап тортмай нуқта қўйишмоқда.
Ҳамма юз ўгириб кетганида ҳам Айюб (а.с.)нинг ёнларида биргина вафодор аёли қолган. Бемордан келаётган бадбўй ҳид ва бу касаллик тарқалиб кетишидан ҳадиксираб уларни шаҳардан чиқариб юборишди. Хотини эрини елкасига кўтариб юрди, қай бир кишлоққа ёки шаҳарга борса опичлаб олиб, ўша қишлоқ ёки шаҳар четига, бирор-бир дарахт соясига ўтқазиб қўйиб қўлидаги бор мол-мулкини сарфлади. Айюб (а.с)ни ювинтириб кийинтирди, таомлантирди, бу кетишда эса уларнинг бор пуллари тугади. Шундан кейил Айюб (а.с.)нинг аёли одамларнинг кирини ювиб, ҳовлисини тозалаб, молига қараш билан уларнинг хизматини қилишга тушди, меҳнат қилиб пул топиб, эрини парвариш қилди, касал эрининг ёнидан бир дақиқа ҳам жилмади, нолимади ҳам.
Шу ҳолатда улар биргаликда ўн саккиз йил умр кечиришди. Айюб (а.с.) бирор марта шикоят қилмадилар, бир марта «Шифо бер» деб ҳам дуо қилмадилар, бир марта ҳам «Парвардигор қийналдим» демадилар, бу мусибатларини аёлига шикоят қилиб ҳам гапирмадилар.
Шунинг учун ҳам бу САБР қиёматга қадар яшайдиган инсонлар учун зарбулмасал бўлиб қолди. Ўн саккиз йил кўтариб юргандан кейин (ўн саккиз йил-а?), охири аёли бир куни ёрилди: «Ахир сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз- ку, биргина дуо қилсангиз бўлмайдими, қийналиб кетдим» деди. Эътибор беринг, бу икки кун уйда ёғ ёки гўшт бўлмай қолганидан эмас, ўн саккиз йил елкасида кўтариб юргандан кейин айтаяпти, ваҳоланки бу аёл кишининг айтган гаплари. «Дуо қилсангиз Аллоҳ ижобат қилади-ку» деганларида Айюб (а.с.) айтдики:
“Биз неча йил яхши ҳаёт кечирдик?” деди. “Етмиш ёки саксон йил” деб жавоб берди аёли. Айюб (а.с.) айтдики: “Саксон йил яхши ҳаёт кечириб, худди шунча йил балода яшамай туриб Аллоҳдан шифо сўрашга ҳаё қиламан”, дедилар.
Айюб (а.с.)нинг айтган сўзларига бир назар солинг- а? Ҳали саксон йил машаққатда яшамай туриб, дуо қилиб дардига шифо сўрагани ҳаё қилганларида, аёли бўлса “Аллоҳ бу мусибатни биздан кўтарармикан?” деган умидда сўраган эди. “Қачонгача бу машаққат?” деб юборди. Бардоши етмади, нима қилса ҳам аёл кишида? Аммо бу унча-мунча аёл уддалай олмайдиган иш, ахир ўн саккиз йил эрини кўтариб юрибди…
Шу сабабли ҳам уларнинг бу сабр-қаноати инсоният учун ибрат бўлиб қолди. Узоқ муддат давомида бирор марта
ҳам нолимаган аёли эридан талоғини олиб кетса ҳам бўлар эди. Аммо у бундай қилмади.
Айюб (а.с.) айтди-ки: “Қандай қилиб Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмайсан? Аллоҳга касамки, агар тузалсам, шу гапинг учун юз қамчи ураман” дедилар.
Ўз ҳаётимизга назар солиб қарасак, қайси амалимиз учун Аллоҳдан истиҳола қилмай яна бер деб сўрайверамиз? Баъзилар икки ёшга бахт тилаб, олдиларига қўйилган қадаҳни кўтаришади. Биродарлар, ахир гуноҳни қилиб туриб сўрамаяпмизми? Ўша тилак нима эди, тилак ҳам дуо эмасми? Ахир Аллоҳни рози қилиб туриб сўралмасмиди мукофоти? Кўчага чиқсангиз фарзандингиз машинани эплаб-сеплаб ювиб қўйибди, “Дада, ўн минг сўм беринг, пул керак бўлиб қолди...” деб сўраса, иккиланмай сўраган пулини берасиз, чунки кўнглингизни овлашга ҳаракат қилгани учун. Шунинг акси бўлсачи? Турган гапки, унга ҳеч нарса бергингиз келмайди.
Парвардигорни рози қилсак бизга сўраганимизни бермайдими? Бизда шунинг акси бўлмаяптими?! Гуноҳимизга ачинмаяпмизу, лекин яна сўрайверамиз…
Айюб (а.с.) ҳаётлари сингари бу қадар олий сабр фазилати қай биримизда мужассам? Ўз эрига бўлган садоқати ва сабр-матонати туфайли уни бу
мусибат заррача ҳам куйинтирмади. Зотан, у кишининг пайғамбар эканликлари ва Аллоҳдан сўрасалар бериши аниқ бўлатуриб, уларни бу мусибатдан фориғ қилишларини ўн саккиз ўтгач, Айюм (а.с.)га айтганлар.
Улкан сабр ва гўзал фазилат соҳибаси бўлган бу аёл ҳозирги аёлларимизга вафо ва садоқатда қанчалик ибратлидир. Тақво, ибодатни, ҳусни-хулқни талаб қилаётганда ўзимизга бир назар ташлайлик, ўзимиздан ортиғи бўлмайди.
Тўшакда оғир хаста бўлиб ётган отага қараш биз учун оғир бир ташвиш бўлиб кўринмаяптимикан? Ёки бўлмаса, таҳоратини ушлаёлмай қолган онага қарашга оғринаётган фарзандлар йўқ эмас орамизда. Парваришлаб боққан ота-онасига қариган чоғларида 2-3 кун навбат қилиб қараётган фарзандлар эса баъзан оғриниб ҳам қўядилар. Вақти бўлмаётганини рўкач қилиб, имкон топса бирор кун бориб кўришини ваъда бериб, онаизорини бир неча ойлаб йўлига термултираётган фарзандлар билмасмикан, шўрлик ота-она охирги дақиқасига қадар нури дийдасини меҳрига интиқ бўлиб, умид билан кутаётгани, келиб қолар... деган умидда тўшакда михланиб ётганини?
Ҳар бир инсон Аллоҳнинг берган тақдирига рози бўлса ҳам ўша кун, рози бўлмаса ҳам ўша кун бир маромда ўтаверади. Вақт тўхтаб ҳам қолмайди. Ўз ҳолидан шикоят қилгани билан ҳеч нарса ўзгариб ҳам қолмайди, ўзгартириб ҳам қўймайди. Рози бўлсак, шунга яраша ажрини ҳам Аллоҳ бергувчидир.
Шу ўринда бир ривоятни келтирсак:
“ Бир мусулмон киши билан кофир киши балиқ овига чиқибдилар, кофир одам тўрини ўзини худосининг отини айтиб ташлабди, сўнгра тортган экан тўри тўла балиқ чиқибди. Хурсанд бўлибди. Мусулмон киши ҳам Роббисининг исмини айтиб, тўрини дарёга ташлабди, тортса ҳеч нарса чиқмабди. Кечгача кутибди, шомга бориб бир донагина балиқ чиқибди. Аллоҳга шукрона айтиб, тўрини тортаётган экан, бирдан балиқ сувга тушиб кетибди. Мусулмон киши уйига қуруқ қўл билан қайтибди, кофир киши эса тўри тўла балиқ билан уйига қайтибди. Шунда ўша мўминга бириктирилган муаккил фаришта Парвардигорга дебди: “Эй Парвардигор, бу мўмин банданг эрта-ю кеч сени эсласа, сенинг ҳалол деб буюрган неъматингни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб ажратса, уни нега шундай қийнайсанми? Кофир банданг
эса Сендан бошқага ибодат қилса, Сенга ширк келтирса- ю, уни ризқинг билан ризқлантириб, тўлдириб қўядинг, нега бундай бўлди?”
Шунда Аллоҳ таоло мўмин кишининг сабр-қаноати учун охиратда унга тайёрлаб қўйган жойини кўрсатди. Фаришта айтди-ки: “Охиратда уни кутиб турган неъмати олдида бу дунёдаги машаққат
ҳеч нарса эмас экан-ку?”, дебди.
Кофирнинг жаҳаннамда унга тайёрлаб қўйилган жойини кўрсатишди. “Парвардигор, дунёда унинг олгани ҳеч нарса эмас экан» дебди.
Эрининг касали юқиб қолишидан қўрқиб, одамлар Айюб (а.с.) нинг аёлини ишга ҳам айтмай, хизматларига чақирмай қўйишди. Егани ҳеч вақоси қолмаган бўлса ҳам буни карангки, Айюб (а.с.) Аллоҳнинг пайғамбари бўлатуриб, бирор марта ҳам шифо сўрамаган, Аллоҳга ҳамду-сано айтишдан чарчамаган, тинмай шукрона айтиб, берган тақдирига рози бўлганлар.
Кунларнинг бирида аёли озгина овқат олиб келади. Айюб (а.с.) ҳайрон бўлиб сўради:
– “Бировнинг хизматини қилдингизми?”
– “Йўқ”
– Қаёқдан олдингиз?
Аёли айтмадилар.
Бир-икки кун ўтгач, аёли яна таом олиб келди.
Айюб (а.с.) яна сўрадилар:
– “Хизмат қилдингизми?”
– “Йўқ хизмат қилмадим”.
Айюб (а.с.) маҳкам туриб олиб, жавоб бермасликка қўймадилар. Аёли рўмолини ечган эди, биринчи кун сочининг бир томонини, иккинчи кун сочининг иккинчи томонини сотиб келганлиги аён бўлди...
Аёлининг бировлар уйида хизмат қилиб юрганига чидаётган Айюб (а.с.) энди иззат-нафслари оғринади. Шунда ўн саккиз йил деганда, буни қарангки, биродарлар, у зот нима деб дуо қилган эканлар. Ҳозир барчамизнинг хаёлимизда турли тахмин ўй- хаёллар ўтган бўлиши шубҳасиз, лекин нима сўраганликлари ҳақида эса...
Аллоҳнинг чексиз марҳаматига эришган бу муборак инсон биз ўйламаган нарсани дуо қилган эканлар.
“Парвардигорим, мени бало ушлади, ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг
раҳмлисисан”.
Айюб (а.с.) бошқа ҳеч нарса демадилар.
У зот нимани сўраяптилар? Бизга ўхшаб анавини бер, манавини бер демаяптилар.
Биз-чи? Ўша бизга керак нарсанинг номини, маркасини, рангини айтиб сўраймиз.
Ҳа, ўша ердан бўлсин, мана бунча бўлсин… ва ҳоказо...
Буларнинг охири йўқ, сўрайдиган нарсамиздан баъзан кўнглимиз ҳам тўлмайди, “Ҳаммасини сўраб бўлдиммикан?..” деб ўйлаб ҳам қоламиз.
Аксинча, “Аллоҳим, менга яхшиликни бер”, деб чиройли дуо қилиб қўя қолмаймиз.
Пайғамбаримиз Айюб (а.с.) бирор марта ҳам менга шифо бер деб дуо қилмадилар.
“Сенга ҳожатимни айтишимнинг ҳожати йўқ, чунки менинг ҳолимдан хабардорсан, менга нима кераклигини сен яхши биласан”. Шундай дегани заҳоти, Аллоҳ таоло “Оёғингиз билан ерни уринг” деди, сув чиқди. “Шу сувдан ичинг, ва ювининг” деди. Тақво қилиб сабр қилган эди, Аллоҳ таоло дуо қилиши билан бу неъматни берди ўз оёғи остидан.
Айюб (а.с.) сувни ичганларида барча дардларидан фориғ бўлдилар, ювинганларида эса ташқаридаги дардлари ўз-ўзидан йўқолиб кетди. Аёли қайтиб келиб эрини тополмади.
“Бу ерда Аллоҳнинг бир бемор набийси бор эди, уни кўрмадингизми?” деди.
“Аллоҳга қасамки, агар у соғ бўлганда худди сизга ўхшаб кетар эди”, деди. Аёли танимайдиган даражада ўзгарди. Айюб (а.с.)ни танимадилар. “Мени танимадингизми?” дедилар Айюб (а.с.) “Йўқ” деди аёли. “Мен Айюбман” дедилар.
Аллоҳ таоло Айюб (а.с.) га саломатликларини қайтариб бериши сабаби нимада?
Кимки Аллоҳга тақво қилса ва сабр қилса, Аллоҳ у бандасининг ажрини зое қилмайди. Биз эса шундай қилолмаяпмиз чамамда...
Аллоҳ таоло Айюб (а.с.) га бутун бойлигини, соғлигини қайтариб берди. Бойлигини қандай қайтариб берди? Ривоятларга кўра, Айюб (а.с.) кийимини ечиб сувда ювинаётган пайтда осмондан чигирткалар ёғилиб келган экан, ҳар битта чигиртка эса тилладан бўлган экан.
Навбат эса Айюб (а.с.)нинг айтган қасамига келди. Нима деб қасам ичган эди?
Урай деса, аёлига жабр, ўн саккиз йил елкасида кўтариб юрган аёли. Урмай деса, қасам ичган…
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:
“Сизлар Аллоҳга тақво қилинглар, Аллоҳ ҳамма нарсани ўзи ўргатади”. Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло айтди: “Қўлингизга юзта хивчинни олиб бир марта уриб қўйинг”. Бу билан муаммо ҳам ҳал бўлди, Аллоҳ муаммонинг ечимини ҳам кўрсатиб қўйди. Юзта қамчи уришни тасаввур қилиб кўринг-а? Сўнгсўз ўрнида Имом Термизий Ҳасан Басрий (р.а.) дан ривоят қилинишича, саҳобалардан бири жоҳилиятда бир аёлни танир экан. Исломга киргандан кейин ўша аёлни учратибди, у билан гаплашиб қолибди, сўнг ҳалиги аёл кетибди. Саҳоба ўша аёлга қараб орқасига кетаётганида бехосдан бошини уриб олибди, бироз озор чекибди. Бу воқеани Расулуллоҳ (с.а.в.) га айтган экан, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга айтибдилар: “Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, қилган гуноҳининг жазосини охиратга қолдирмай шу дунёнинг ўзида бериб қўяди”.
Бундан нимани тушунишимиз мумкин? Машинангизнинг балонин ўғирлаб кетишибди. Орқага бир назар ташланг, сиздан бирор айб ўтган. Ё бомдодда ухлаб қолдингиз, ёки онангизга бақириб чиқиб кетдингиз, ёки қўлингиздан келадиган пайтда ёрдам бермадингиз ва ҳоказо! Бир гуноҳ қилдингиз-ки агар Аллоҳ яхши кўрадиган бўлса, жазоингизни бериб қўйди.
Шукр қилинг, буёғига тақво ва сабр қилинг. Ажрини кўрасиз, шу дунёнинг ўзида кўрасиз, иншаАллоҳ. Аллоҳ яхши кўрган бандасидан гуноҳ содир бўлганда, жазосини ўрнида берар экан, ёмон кўргани учун эмас, яхши кўргани учун. Агар бир одамнинг одамлар ҳаққини еб кетаётганлиги, зулм қилаётганлигига қарамай у киши бойиб, ҳамма иши яхшиланиб кетаётган бўлса, буни яхши деб ўйламайлик. Аллоҳнинг ҳар бир ишида ҳикмат бордир.
Фиръавн юз йил яшаган бўлса-да, унинг ҳатто тиши ҳам оғримаган экан, яъни, бирорта гуноҳининг енгиллашишлигига сабаб бўлмаган. Мусулмон киши қилган ишига бир назар ташласин, бирор мусибат етса аввало ўзини тафтиш қилсин. Аллоҳ бандасига меҳрибон, унга бирор ёмонлик етишини хоҳламайди, аммо бандаси ўзига-ўзи сотиб олади, буларнинг бари ўзининг гуноҳлари туфайли содир бўлади.
Али ибн Абу Толиб айтади: “Қуръондаги энг умидбахш оятни биласизларми, у қайси оят” деб сўради.
“Сизларга бир мусибат етса, ўзларинг қилган иши сабабли етади, яна мен кўпини кечириб тураман” дейди Аллоҳ таоло. “Баъзиларини торттириб қўяман-ки, қайтишинглар учун»
Худойим бандасига меҳрибондир ва лекин бандаси ўзи сабабли бошига мусибат келишини ҳамма вақт ҳам тушуниб етмайди.
Абу Дардо (р.а.) нинг сўзларига эътибор бериб қарасак, “Одамлар фақирликни ёмон кўради – мен яхши кўраман, одамлар касалликни ёмон кўради – мен яхши кўраман, одамлар ўлимни ёмон кўради – мен эса ўлимни яхши кўраман» дейди. Ислом динидан йироқ бўлган одам буларни эшитса, бу қайси аҳмоқ одамнинг гапи дейиши турган гап. Бундай деса адашади. Бу киши жуда бой бўлган, бўлганда ҳам жуда бой бўлган, бу инсон ўткинчи дунё роҳатини қалбидан чиқара олган холос. Биз эса буни билатуриб ҳам амал қилмаймиз, қалбимиз билан идрок қила олмаймиз.
Қуйида шу гапларининг сабабини ҳам айтиб ўтган:
“Одамлар камбағалликни ёмон кўради, мен яхши кўришим сабаби қўлимда озроқ бўлса камтарроқ яшар эканман, кибрга берилмас эканман, Роббимнинг ҳузурида тавозуъли бўламан экан, ўзимдан кетиб қолмас эканман” дейди.
Фарзандингизнинг оёқ кийими йиртилиб кетса, беш юз сўмга ямаб беради, лекин пулингиз йўқ, шу биргина беш юз сўм ҳам сизга Кимни эслатяпти? Ёки бўлмаса, рўзғорингизда ун, ёғ, шакарингиз тугаши билан сизга Аллоҳни эслатмайдими? Агарда бунинг акси бўлиб, қўлингизда неъматларини тахт қилиб берса, энди эслатадими сизга…
Мусулмон кишининг ҳар бир ҳолати Аллоҳни эслатади. Абу Дардо ҳам камбағалликни яхши кўраман дейиши бежиз эмас. Йўқчилик эса Аллоҳни кўпроқ эслатади, тафаккур қилишга ундайди. Барча неъматлари омонат эканлигини қалбан ҳис эта олади. Камбағаллик эса буни ҳис этиши учун бир замин бўла олади. Хулоса Агар сизга дард етган бўлса, мусибатда бўлсангиз, бу қиссани эсланг, солиштиринг ва тафаккур қилинг! Ўз ҳолингизга шукр қилинг, тақво қилинг ва берган мусибатига сабр қилинг. Агар шундай қилсангиз, иншаоллох, Аллоҳ сизнинг бу
тақво ва сабрингизни зое қилмайди. Ажрини албатта оласиз, Аллоҳ буни Қуръонда ваъда бериб қўйган. Аллоҳнинг қазосига рози бўлинг, рози бўлган ҳолда яшаб кўринг-да, мазаси бошқача бунинг, аслида хотиржамлик нима эканлигини ўшанда биласиз! Ахир энг катта бойлигимиз бу хотиржамлик эмас-ми?..
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев