Ҳомиладор аёллар ва ногиронларга бепул такси хизмати кўрсатилмоқда
Урганч шаҳридаги «Хоразм Равон транс» масъулияти чекланган жамияти хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда - корхонанинг енгил такси ҳайдовчилари байрам кунлари шаҳар ичи йўналишлари бўйлаб ҳомиладор аёллар ва ногиронларни бепул ўз манзилига етказади. Бу ҳақида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги маълум қилди.
Ушбу ташаббус Жамият раҳбарияти ва ҳайдовчиларнинг ўзларидан чиққан. Йил бошидан буён ҳар бир байрамда корхонага қарашли йўналишсиз такси автомобиллари шаҳар ҳудудида ногиронлар ва ҳомиладор аёлларга бепул хизмат кўрсатмоқда. Аҳоли бундай савобли ишни йўлга қўйган автотранспортчилардан жуда мамнун: ҳайдовчилар ушбу «акция» йўлга қўйилганидан бери йўловчиларнинг уларга нисбатан ўзгача ҳурмат билан қарай бошлаганини, ҳар қадамда мақтов ва дуоларга сазовор бўлаётганларини таъкидлашмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, хайрли ишга қўл урилганидан кейин корхонанинг пуллик мижозлари сони ортиб, тушум ҳам ва табиийки, ҳайдовчиларнинг даромадлари ҳам кўпаймоқда.
Эзгу ишлари орқасидан топилаётган обрў-эътибор ва баракадан руҳланган «Хоразм Равон транс» МЧЖ раҳбарияти эндиликда туғруқхонадан «янги меҳмон» билан чиққан ёш оналарни уйларига бепул етказиб қўйишни ташкил этиш ниятида. «Ҳар ким қурби етганча савоб иш қилганига нима етсин! Одамларга яхшилик қилсангиз, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзсангиз, ўзингиз ҳам руҳий ҳаловатга эришасиз. Шундай экан, бошлаган хайрли ишларимизни асло тўхтатиб қўймаймиз», – дейди корхона раҳбари Одилбек Ўрозов.
«Хоразм Равон транс» кўп йилларлан буён шаҳарда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги кунда корхона тасарруфида 26 та енгил автотранспорт воситалари мавжуд.
Комментарии 9