Ўз нутқида президент Трамп мусулмон давлатларни экстремизм ва муросасизликка қарши бирга курашишга даъват қилди. У "исломий экстремизмга" қарши кураш биринчи галда мусулмон олами масъулиятидадир, деб таъкидлади.
АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонидан бошлаган океан ортига илк сафари чоғида қирол Салмон бин Абдулазиз ҳамда 50дан ортиқ минтақа давлат, ҳукумат раҳбарлари иштирок этадиган саммитда қатнашмоқда.
21 ай кунги саммитда у мусулмон оламига мурожаат қилди ва Яқин Шарқда "давлатлар коалицияси"ни тузиб, биргаликда "экстремизмни йўқ қилиш"га чақирди.
Нутқида АҚШ президенти тинчлик ўрнатиш йўлида минтақа давлатлари билан аввалги дўстона қадриятларни тиклашини ваъда қилди.
"Бу турли дин, секта ёки цивилизациялар ўртасидаги кураш эмас. Бу инсонлар ҳаётини йўқ қилишга уринган варвар жиноятчилар билан барча динлардаги номусли кишиларнинг бу ҳаётни сақлаш йўлидаги курашидир. Бу яхшилик билан ёвузлик ўртасидаги жанг”, деди Трамп.
Шунингдек, Трамп мурожаати чоғида араб мамлакатлари раҳбарларига “террорчиларни ибодат қилаётган жойларингиздан ҳайдаб чиқаринг!” деб мурожаат қилди.
Ўз мурожаати чоғида Трамп Эронни шиа жангари гуруҳларини молиявий таъминлаш, қуроллантириш ва ҳарбий машғулотдан ўтказишда айблади. Президентга кўра, бу жангарилар минтақада "бузғунчилик ва хаос"га сабаб бўлмоқда.
Ушбу саммит кун тартибига "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи ва бошқа экстремистларга қарши курашда араб-ислом мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик масаласи қўйилган.
Бу - Трампнинг илк чет эл сафаридаги ўта муҳим нутқидир. Чунки, Трамп сайловолди кампанияси вақтида мусулмонларга қарши фикрлар билдирди, лавозимини бажаришга киришгандан сўнг асосий аҳолиси мусулмон бўлган сўнг бир қанча мамлакат – гарчи улар қаторига Саудия Арабистони киритилмаган бўлса ҳам – ватандошлари ва қочқинларининг АҚШга киришини вақтинча тақиқлашга уринди.
Муҳими, президент Трамп “радикал ислом террори” деган жумла ўрнига "исломий экстремизм" жумласини қўллади. Ваҳоланки, сайловолди кампанияси вақтида у ўша пайтдаги президент Барак Обама ва Демократик партия вакиласи бўлган рақиби Ҳиллари Клинтонга ушбу иборани ишлатмагани учун қайта-қайта ҳужум қилган эди.
Трамп Сурия президенти Башар Асадни “инсониятга қарши тилга олиб бўлмайдиган жиноятлари”, Эронни эса Сурияда олти йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушини қўллаб-қувватлаётгани учун қоралади.
“Яқин Шарқдаги ақли расо миллатлар Эроннинг барқарорликка путур етказувчи таъсирига барҳам бериш, минтақада кучларнинг барқарор нисбатини тиклаш ва худодан Эрон халқи муносиб бўлган одил ва масъулитятли ҳукуматга эга бўладиган кун тезроқ келишини сўраш учун баҳамжиҳат иш юритиши шарт”, дейилади Оқ Уй тарқатган Трамп маърузаси матнида.
Трамп Саудия Арабистонидан кейин Исроил, Ватиканга боради, Сицилия оролида бўлиб ўтадиган “Еттилар гуруҳи” учрашуви ва Бюрюсселдаги НАТО йиғинида қатнашади.
Саудия Арабистонидан кейин 22 май куни бошлайдигани Исроил сафарида унинг Бош вазир Бенжамин Нетаняҳу билан учрашиб, Қуддус шаҳридаги Йиғи девори ва Яд Вашем Ҳолокост ёдгорлигини зиёрат қилиши режаланган. https://www.ozodlik.org/a/28500314.html
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 156