Жиҳодни тижоратга айлантирган "ўзбек"
Глобал сиёсат ва иқтисод масалаларини ёритувчи Foreign
Policy журналида Исломий жиҳод ғоялари асосида курашни тижоратга айлантирган гуруҳ ҳақида мақола чоп этилган.
"Malhama Tactical" гуруҳи ҳарбий тайёгарлик ва маслаҳат берувчи жаҳондаги илк шахсий ширкат сифатида фаолият юритади. Унга
келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Абу Рафиқ раҳбарлик қилиши айтилмоқда.
"Гуруҳнинг YouTube даги видеосида бошдан оёқ замонавий
ҳарбий "совут" формасидаги йигитлар биноларга бостириб киришни
намойиш этишган. Қўлларида ушлаб турган ёзувлар орқали "жиҳодни қандай олиб бориш" кераклигини уқтиради. Видеодаги титрлар кирил алифбосида ёзилган, лекин мусиқа ва шиорлар "нашид" номи билан танилган услубда, араб тилида айтилган", дея тасвирлайди Foreign Policy.
Журналга кўра, гуруҳ аъзолари келиб чиқиши ўзбекистонлик ва
Россиянинг Қавқоз минтақасидан бўлган 10 нафар мусулмон.
Гуруҳ кичик бўлса-да, охирги вақтларда кенг тарқалган
Ижтимоий тармоқлар ва интернет орқали ўз "хизматларини" кенг тарғиб
қилмоқда.
Foreign Policy га маълум бўлишича, гуруҳга келиб чиқиши
ўзбекистонлик бўлган 24 ёшли Абу Рафиқ раҳбарлик қилади. У ҳақида кўп нарса маълум эмас. Лекин Ижтимоий тармоқларда бот-бот турли лақаб ва тахаллуслар билан пайдо бўлади.
Ҳар видео ёки фотосуратда у фақатгина кўзини кўриш мумкин
бўлган ниқоб ё рўмол билан пайдо бўлади. Рус тилида ўзбекча талаффуз билан гапиради.
Гуруҳга 2016 йил май ойида асос солинган.
Foreign Policy билан Telegram орқали суҳбатлашган Абу
Рафиқнинг айтишича, Сурияда уларнинг хизматларига талаб жуда катта.
Лекин, деб айтган у, "ҳозирда хизмат доирасини
кенгайтириб, қаерда мусулмонлар тазйиқ остида бўлса, ўша ерда ёрдамга келишга тайёр".
Шунингдек, ўзлари келиб чиққан ҳудуд, хусусан Россиянинг
Шимолий Қавқоз минтақаси ва ҳукуматига қарши курашда "қўллаб қувватлашга" тайёр эканлигини билдирган.
Ўтган ноябр ойида гуруҳ Facebook орқали ишга ёллаш учун
эълон берган. У шафқатсиз ва қонли урушда иштирок этувчи ширкатнинг эмас, кўпроқ замонавий бошқа ҳар қандай турдаги ширкат эълонига ўхшайди.
Яъни "ҳамиша ўрганиш, ривожланиш ва фаолиятда бўлишни
истовчилар" учун иш таклиф қилинади. Эълонда шунингдек, ушбу иш билан бирга берилувчи моддий "пакет" ва ҳафтасига "жиҳоддан 1 кун дам олиш" ҳам назарда тутилиши айтилган.
Баъзи маълумотларга кўра, ҳозирда Сурияда собиқ Иттифоқ
республикаларидан бўлган рус тилида сўзлашувчи 4 700 га қадар жиҳодчи бор. Уларнинг кураш олиб бориш уқуви ҳамда тажрибаси маҳаллий жиҳодчилардан кўра анча яхшироқ.
Лекин Malhama Tactical нинг йўриғи ўзгачароқ. Улар асосан
қурол-яроғ таъминоти манбасини кўрсатиш, ҳарбий маслаҳат бериш ва баъзи жангларда "юқори малакали жангчи" сифатида иштирок этиш хизматини таклиф қилади.
Абу Рафиқнинг Foreign Policy га айтишича, ёшлигида Ўзбекистондан Россияга кўчиб келган ва оила қуриб, ҳарбий хизматга ёлланган.
Агар унга ишонилса, Россия қуролли кучларининг хос бўлимларидан ҳисобланмиш Ҳаво Десант кучлари сафида хизмат қилган.
2013 йили Россиядан Сурияга келган ва ўзига ўхшаш кўплаб
ёшлардан фарқли равишда бирон гуруҳ таркибига қўшилмай, мустақил қолиб, охир оқибат 2016 йили Malhama Tactical га асос солган.
Malhama Tactical ижтимоий тармоқларда ўта фаол. Facebook,
YouTube, Twitter ва VKontakte саҳифаларида мутассил эълонлар бериб келади.
Лекин Вконтакте даги саҳифаси яқинда ёпиб қўйилди. Instagram даги саҳифаси эса ҳудди йирик бир қурол ишлаб чиқарувчи ширкатнинг саҳифасига ўхшайди.
Malhama Tactical ўзининг ҳар бир хизмати учун ҳақ олса ҳам,
Абу Рафиқ ёлланма жангари экани ёки ғояни тижоратга айлантирганлигини рад этади.
Таҳлилчиларга кўра, жиҳодий ғоялар ва кураш охирги вақтларда
жаҳон бўйлаб тобора кенг тарқалар экан, бу каби хизмат кўринишининг пайдо бўлиши бир маънода табиийдир.
Абу Рафиқнинг фаолияти айни вақтда Россия ҳукумати
эътиборини ўзига тортган. 7 феврал куни Россия учоқлари унинг Идлибдаги уйини нишонга олиб, турмуш ўртоғи ва чақалоғини ҳалок этди.
Хабарларга кўра, ҳужумдан бир мунча вақт аввал уйидан чиққан
Абу Рафиқнинг ўзи омон қолган.
Кузатувчилар Malhama Tactical каби ширкатлар замонавий
дунёда жиҳод ғоялари ва ҳатто ҳарбий саноат комплекси келажагида ўзгариш ясаши мумкинлигини айтмоқда. http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-38956511
Комментарии 25